Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий технологияларига асосланган янги лойиҳа амалга оширилади. Ташаббус Ўзбекистон ҳукумати, Япония ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,6 миллион доллар бўлиб, уни амалга ошириш муддати уч йилни ташкил этади.
Лойиҳа Оролбўйининг тўртта пилот туманини қамраб олади ва қарийб 270 минг аҳоли манфаатларига хизмат қилади. Унинг доирасида геоахборот тизимлари (ГИС), мониторинг датчиклари ва сунъий йўлдош маълумотларига асосланган “ақлли сув таъминоти” тизими жорий этилади.
Бу орқали сув сарфи, насос станциялари фаолияти ҳамда сув хўжалиги инфратузилмасининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилади.
Шунингдек, каналлар ва насос станцияларини модернизация қилиш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда фермерларни сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ўқитиш режалаштирилган. Инфратузилма объектларининг рақамли нусхаларидан фойдаланиб, сув бошқарувининг турли сценарийларини моделлаштириш ҳам назарда тутилган.
Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда сув танқислиги ортиб бораётгани мазкур чораларнинг аҳамиятини янада кучайтирмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув ресурслари етишмовчилиги 15 миллиард куб метрга етиши мумкин.
Лойиҳа натижалари Оролбўйи ҳудудининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини оширишга хизмат қилиши, шунингдек, келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ечимларни жорий этиш учун асос бўлиши кутилмоқда.

