Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юк автомашинасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар қилди.
Ҳодиса 6 июнь куни эрталаб халқаро аҳамиятга эга М-39 автомобиль йўлининг “Хонимқўрғон” маҳалласи ҳудудида юз берган. Самарқанд — Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган юк автомашинасида ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига икки нафар ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилиниб, ёнғин ярим соатдан ортиқ вақт ичида бартараф этилди.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган. Бироқ юк автомашинаси тўлиқ ёниб кетган.
Айни пайтда мутахассислар ёнғин келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш ишларини олиб бормоқда.
Қайд этилишича, бу сўнгги 20 кун ичида Ўзбекистон автомобиль йўлларида юк автомашиналари иштирокида содир бўлган учинчи ёнғин ҳолатидир. Бундан аввал шунга ўхшаш ҳодисалар 16 май куни Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ҳам кузатилган эди.

