Жигарнинг ёғ босиши (ёғли гепатоз) — тобора кенг тарқалаётган касаллик. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмида бу дард аломатлари учрайди. Хасталик асосан нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик туфайли юзага келади деб ёзмоқда Халқ сўзи нашри.
Шунингдек, қандли диабет, гормонал алмашинув бузилиши ва генетик касалликлар ҳам ушбу муаммонинг омили. Хавотирли жиҳати, мазкур ҳолат бора-бора жигар яллиғланиши ва дисфункциясига олиб келиши мумкин.
Таассуфли жиҳати, олимлар бу касалликни тадқиқ этиш учун мос келадиган синов воситаларига эга эмас. Чунки тажриба ўтказиладиган сичқонларда ёғли гепатоз бутунлай бошқача кечади.
Шу сабабли изланувчилар махсус модель — органоидларни яратишга муваффақ бўлди. Улар инсон ёки ҳайвон аъзоларининг тирик ҳужайраларидан шакллантирилган. Муҳими, органоидлар функционал ва шаклий жиҳатдан табиий муқобили билан бир хил.
Бу воситалар ёрдамида ёғли гепатоз уч усул — ёғ кислоталари билан ҳужайраларни «озиқлантириш» ва геномни сунъий таҳрирлаш натижасида юзага келган икки турли генетик мутациядан фойдаланиш орқали моделлаштирилди.
Шундан сўнг тадқиқот муаллифлари дориларнинг ушбу касалликка таъсирини ўрганишга киришди. Маълум бўлишича, генетик мутациялар туфайли “юзага келган” хасталикда органоиднинг тиббий препаратларга реакцияси бошқача бўлди.
Натижада ёғли гепатоз билан курашиш учун энг самарали дори-дармонлар туркуми аниқлаб олинди. Энди улар клиник синовлардан муваффақиятли ўтса, тиббий амалиётга қўллаш учун тавсия этилиши мумкин.