Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти — фармацевтика тармоғи реал секторлари эхтиёжларини хисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлайдиган намунали таълим муассасасидир. Талабалар институтнинг физик-кимёвий таҳлил, фармако-токсикологик тахлил, микробиологик таҳлил ҳамда дори шакллари тахлили лабораторияларида илмни амалиётга татбиқ қилиб ўрганиш имкониятига эга.
Ушбу институтнинг ўзига хослиги шундаки, бу ердаги ҳар бир лаборатория энг сўнгги талаблар асосида замонавий асбоб-ускуналар билан жихозланган.
Аммо Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг асосий афзаллиги унинг ўқув жараёнига фан ва амалиётни салоҳиятли, шу жумладан хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб этилганлигидир.
Бугун ушбу таълим муассасаси талабалари жуда омадли эканига амин бўласиз – улар нафақат фармацевтика асосларига оид таълим олишмоқда, балки айнан шу ерда уларнинг кўз ўнгида янги авлод дори турлари яратилмоқда. Шундай препаратларидан бири вирусга қарши восита – “Антиковир” бўлиб, биз у хақида хозир сизларга маълумот берамиз.
Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти илмий маслаҳатчиси, фармацевтика фанлари доктори, профессор Юнусходжаев Ахмадхўжа Нигманович.
Ҳурматли Ахмадхўжа Нигманович! Авваламбор бизни нашрга интервью беришга розилик билдирганингиз учун Сизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Биз Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти лабораториялари билан танишиб, бу ерда фармацевтика соҳаси илмий изланишлари учун барча шароитлар яратилганига ишонч ҳосил қилдик. Маълумки 40 йилдан зиёд вақт давомида фармацевтик субстанцияларни синтези билан шуғулланасиз. Сиз томонингиздан татбиқ этилган препаратлар юрак –қон томир, эндокринологик системалар касалликларида ҳамда гематология, онкология каби соҳаларда муваффақиятли қўлланилиб келмоқда. Covid — 19 пандемиясининг бошидан вирусга қарши воситалар бўйича ҳам изланишлар олиб боряпсиз ва бунда маълум ижобий натижаларга эришилди. Қулай фурсатдан фойдаланиб, коронавирус фармакотерапиясига оид саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз.
Коронавирус инфекцияларини, хусусан COVID-19 ни даволашда қўлланилаётган Фавипиравир, Ремдесевир каби дори воситаларини қўллаш бўйича кўплаб саволлар борлигини хисобга олган холда уларнинг самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
Вирусга қарши препарат — Фавипиравир (авифавир) 2002 йилда Японияда атипик гриппни даволашга рухсат этилган, аммо унинг кўпгина ножўя таъсирлари мавжудлиги сабабли, препаратни фақат стационар даволанишда қўллаш мумкин.
Гормонал препаратлардан — Дексаметазон яллиғланишга қарши стероид препарат бўлиб, COVID — 19 асоратларини енгиллаштиради. Аммо касалликнинг енгил шаклида ушбу дорини қўллаш хавфли бўлиб оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Препарат иммунитетни пасайтиради, шунинг учун вирус тезлик билан кўпайиб, коронавируснинг енгил шакли оғир шаклга ўтиши эҳтимоли бор. Дексаметазон оғир аломатлар етти кундан ортиқ давом этадиган беморларни даволашда «цитокин хужуми» ни олдини олиш учун тавсия этилади.
Сўнгги пайтларда CОVID – 19 ни даволашда моноклонал антителалар асосидаги бир ёки икки компонентлик препаратлар қўлланмоқда. Одатда, улар касалликнинг ўртача оғирлик даврида оғир аҳволга ўтиш хавфи мавжуд бўлганда буюрилади. Аммо булар жуда қиммат препаратлар ҳисобланади.
«Омикрон» штамми кенг тарқалиш даврда оғир коронавирус инфекциясини даволашда қўлланадиган Ремдесевир каби кўплаб ножўя таъсирларга эга антивирус препаратларга талаб камайди. Бугунги кунда кам ножўя таъсирларга эга бўлган кенг спектрли дори воситаларига эҳтиёж ортди.
CОVID – 19 ни даволаш олиб борилган усуллар бўйича сизнинг фикрингиз қандай?
Пандемиянинг дастлабки даврларида CОVID — 19 респиратор касаллик ҳисобланган. Аммо кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, CОVID — 19, кўпроқ, қон томир тизими касаллигидир. Бир қатор тадқиқотларга кўра, вирус гематоксик бўлиб, қон айланиши тизимини издан чиқаради. S — оқсил ўша «корона»ни ҳосил қилиб асосан рецепторларга ҳужум қилувчи, митохондрий ва қон томир эндотелийсига зарар етказувчи хисобланади.
Ҳозир кўплаб мутахассислар тан олишмоқдаки, CОVID – 19 ни даволашнинг дастлабки босқичларида қатор хатоларга йўл қўйилган ва вирус бизни «истаган кўйига солди». Терапиянинг хавфли усуллари бу ковид инфекциясининг дастлабки кунлариданоқ антибиотиклар ва гормонлар қабул қилиш бўлиб, касаллик кечиши жараёнини оғирлаштиради ва кўп ҳолларда оғир асоратлар хавфини келтириб чиқаради. Агар ковид беморда енгил ўтаётган бўлса, унда кучли антивирус ва гормонал дориларни қабул қилишнинг кераги йўқ.
Нега баъзи кишилар коронавирусни осонлик билан енгди-ю, баъзиларда эса умуман хеч қандай симптомлар кузатилмади, яна айримлар оғир ўтказди?
Бу кўплаб омилларга боғлиқ — организмнинг иммун ҳолати, ёндош касалликлар, қон ивиши тизими ҳолати ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Иммун холати жуда ёмон бўлган одамларда касаллик оғир кечади.
Кўпгина тадқиқотчилар қон намуналарини тўплаб, таҳлил қилишди ва ҳолатнинг оғирлиги бўйича фарқ Т-ҳужайраларнинг иммун хотираси мавжудлигига боғлиқ деган хулосага келишди. Маълумки, Т-лимфоцитлар (Т-киллерлар) антивирус иммунитетининг асосий компоненти ҳисобланади ва улар организмдаги шикастланган ҳужайраларни йўқ қилиш учун жавобгардир. Таъкидлаш лозимки, 55 ёшдан сўнг организм камроқ Т-ҳужайралар ишлаб чиқаради. Т-ҳужайраларнинг асосий қурилиш материали бу микроэлементлар бўлиб, биринчи навбатда — цинкдир.
CОVID — 19 дан сўнг қандай ножўя асоратлар пайдо бўлади ва қандай қилиб уларнинг олдини олиш мумкин?
Ковид касалланган инсон органларининг деярли барчасида ўз «муҳр»ини қолдиради. Статистик маълумотларга кўра, постковид синдроми ковид билан касалланган 50 ёшдан ошган ҳар иккинчи одамда учрайди. Шу билан бирга, постковид синдроми беморнинг ҳаёт сифатини ёмонлаштириши мумкин.
Аввало, марказий асаб тизими азият чекади, юрак қон-томир ва ўпка-бронх тизими зарар кўради. Коронавирус инфекциясидан сўнг ўпка тикланиши учун узоқ вақт керак бўлади.
Кўпинча, қон босимининг дезадаптацияси кузатилади. Қон босими кўрсаткичларида сабабсиз сакрашлар юзага келади. «Нормотоник» киши гипертоникка айланиши мумкин, хавфли гипертония эса инфаркт ва инсульт хавфини келтириб чиқаради.
Баъзи маълумотларга кўра, постковид синдроми бир йил давомида кузатилиши мумкин. Шу билан бирга, тромбоз хавфи бир ойгача сақланиб туради. Тромбозлар энг кенг тарқалган асоратлардан биридир — улар 20-30% ҳолларда учрайди ва шу боис, ковидга манфий реакциядан кейинги ойда инсульт ва инфаркт тез-тез содир бўлди. Шунинг учун ҳам, шифокорлар ковиддан сўнг қон суюлтирувчи препаратлар қабул қилишни тавсия қилишади.
Баъзи мутахассисларнинг фикрича, CОVID — 19 биз билан бир умр қолар экан, шу тўғрими?
Ҳозир ҳаммамиз COVID — 19 қисқа муддатли инқироз эмас, балки сайёрамизда узоқ вақт яшаб қолади деган фикрдамиз.
Вируснинг янги штаммлари доимий равишда кириб келиши шароитида вакциналар орқали эришилган ютуқлар кутилган самарани бермади. Нисбатан қисқа вақт ичида «омикрон» ўзидан аввалгиларини сиқиб чиқариб, жаҳонни забт этди. Унинг инкубацион даври анча қисқа ва у ўта юқумлидир. Шуни қайд этиш жоизки, «омикрон» вакцина антителаларига сезиларли даражада қаршилик кўрсатди.
Инфекцияланган ҳар бир кишида юз миллиардлаб вирусли ҳужайралар мавжуд ва улар доимий равишда кўпайиб ўзгариб боради. Яхшиямки, ҳозирча мутацияларнинг аксариятида вирус беморни нобуд қилишига олиб келмаяпти. Янги штаммларнинг келиб чиқишини кузатиш ва уларни юқумлилик, патогенлик, шунингдек, вакциналарга чидамлилик нуқтаи назаридан башорат қилиш қийин бўлади. Вирус қаерга қараб ҳаракатланишини фақат вақт кўрсатади.
SARS-CoV2 ўз хусусиятлари бўйича аста секинлик билан худди грипп каби бўлиши мумкинми?
Грипп вируси нисбатан беозор. У мавсумий бўлиб, қандайдир қуш ёки чўчқа организмида яшайди, ўзгаради ва йилига икки марта янги варианти тарқалади, аммо, биофармацевтик компаниялари бунга аввалдан тайёргарлик кўриб қўяди. Коронавирус эса одамларда яшайди ва биз билан йил давомида ҳам бирга бўлиши мумкин. Буни аввалдан айтиб бўлмайди ва бир қатор мутахассисларнинг фикрича, унга қарши иммунитет афсуски қисқа муддатлидир.
Бундай ҳолатда эмланиш зарурияти ҳақида савол туғилади. Эмланиш зарурми? Ўзингиз-чи, вакцина қабул қилдингизми?
Умуман олганда, ҳа, COVID — 19 вакцинацияси ўзига хос бир жанг олди «машғулот»дир. Умуман иммунитет йўқ бўлганидан кўра, ҳеч бўлмаганда, касалликнинг оғир кечишидан ҳимояловчи иммунитетга эга бўлиш яхшироқ. Менинг ўзим ҳам эмланган бўлсам-да, касалландим. Даволаниш учун етти кун давомида «Антиковир» ва D витамини, сўнг бир ой давомида «Аллтромбосепин» қабул қилдим.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юртимизда «Антиковир» препарати рўйхатдан ўтказилди. Йўриқномага мувофиқ, фаол компонентларнинг биринчиси «Куркуцинк» ҳисобланади. Ушбу компонент ҳақида гапириб берсангиз.
«Антиковир»нинг асосий фаол компонентларидан бири куркумин асосида олинган комплексдир. Куркумин — кўпчилик билган табиий антибиотик бўлиб, куркума илдизида кўп миқдорда сақланади. Куркуминнинг фойдали хусусиятлари анчадан буён маълум. Кўпгина тадқиқотлар унинг яллиғланишга қарши, антиоксидант, ўсмалар ва вирусларга қарши хусусиятларини кўрсатган. Куркуминнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у вирус ферментларини бостириш қобилиятига эга.
Аммо битта «лекин»и бор. Куркумин гидрофоб ва кислотали ҳамда ишқорий муҳитда жуда беқарор. Оғиз орқали қабул қилинганда, биосамарадорлиги фақат 1 — 2% ни ташкил қилади, яъни, у шунчаки парчаланади ва вирусга таъсир кўрсатишга улгурмай, организмдан чиқиб кетади. Шунинг учун олимлар куркуминнинг турли ҳосилалари ва шаклларини — липосомал, наноструктуравий ва бошқа жиҳатларини ўрганишмоқда.
Биз коронавирус инфекциясида цинк микроэлементининг аҳамиятини инобатга олиб, унинг куркумин билан хелат комплекси — куркуцинкни синтез қилдик.
Куркуминнинг цинк билан комплексида ҳужайра мембранаси орқали яхшироқ диффузияланиши учун мувозанат ўрнатилади. Шу билан бирга, ҳужайранинг сувли муҳитига киргандан сўнг цинк комплекси ионланади ва цинк ҳам ўзининг яллиғланишга қарши ва антивирус хусусиятларини намоён этади, яъни синергетик таъсир қилади.
Антиковир таркибига аллтромбосепиннинг киритилиши қандай изоҳланади?
Аллтромбосепин яратилиш асоси ва ғояси Ибн Сино таълимига асосланган. Биз технологияни такомиллаштириб, Аллтромбосепин оригинал препаратини ўсимлик хом ашёсидан ферментатив — биотехнологик усулда капсула холида олганмиз. Препарат 2016 йилда антиагрегант ва антикоагулянт восита сифатида рўйхатга олинган.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти ва бошқа клиникаларда рўйхатдан ўтгач, 2020 йилда олиб борилган клиник синовлар шуни кўрсатдики, Аллтромбосепин CОVID — 19 касаллигида хам яхши клиник таъсир кучига эга, қон ивиши бузилишининг олдини олади.
Хулоса бўйича «Аллтромбосепин» препарати CОVID — 19 ни комплекс даволашда антикоагулянт сифатида тиббий фойдаланиш учун тавсия этилди. Шунинг учун биз уни «Антиковир» препарати таркибига ҳам киритдик.
Шу ўринда «Антиковир» препаратининг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
Маълумки, коронавирус инфекцияси, асосан, уч гуруҳ дори воситалари, яъни, вирусга қарши, яллиғланишга қарши ва антикоагулянт препаратлар билан даволанади.
«Антиковир» комплекс препарати енгил ва ўртача оғирликдаги CОVID — 19 касаллигини даволаш учун барча зарур компонентларни жамлаган, булар: «Куркуцинк» — куркумин ва цинк, Аллтромбосепин ва аскорбин кислотасининг мажмуавий бирикмасидир.
Препаратни фаоллиги уни таркибидаги моддалар биргаликдаги таъсирига асосланган. Шу билан бирга, препарат юқори даражада хавфсиз бўлиб, унинг токсик хусусияти деярли йўқ.
Фармаколог мутахассисларимиз томонидан талаблар бўйича барча клиниколди тадқиқотлар 12 ой ичида олиб борилди. Бунда «Антиковир»нинг цитопротектор фаоллигини баҳолаш кучли цитопротектор таъсир мавжудлигини кўрсатди, бу вируснинг организм ҳужайраларига кириб боришига тўсқинлик қилади. Вирус –бу паразит, агар у хужайрани ичига кира олмаса, ўз-ўзидан кўпаймайди. Препаратнинг иммуномодулловчи фаоллигини ўрганиш синов препаратида эталон препарат билан таққосланадиган даражада иммуномодулятор фаоллик мавжудлигини кўрсатди, шунингдек, «Антиковир» ҳужайравий ва гуморал иммунитетга таъсир кўрсатиши аниқланди. Зангиота туманидаги ихтисослашган шифохонада ўтказилган клиник тадқиқотлар препаратнинг коронавирус инфекциясини даволашда 92% беморларда юқори клиник таъсир кучига эга эканини кўрсатди. Бунда тадқиқот гуруҳида ножўя таъсирлар қайд этилмади. Шифокорларнинг таъкидлашича, «Антиковир» препарати коронавирус инфекциясининг этиопатогенезидаги деярли барча бўғинларга таъсир этади.
SARS-CoV2 вирусининг доимий мутацияга учраши мумкин бўлган шароитда «Антиковир»нинг келгусидаги самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
» Антиковир» — асосий ўсимлик ва минерал маҳсулотлардан ташкил топган кўп компонентли препарат бўлиб, уларнинг умумий таъсири организмнинг табиий ҳимоясини рағбатлантиришга қаратилган.
2020 йили «дельта» вируси тарқалган даврда аллтромбосепин клиник тадқиқотларда 85 % ҳолатда юқори самарадорликни намоён этди.
Кўплаб тадқиқотлар куркуминнинг коронавирус инфекциясига қарши фаоллигини кўрсатди. Яқинда «Biomedicine and Pharmacotherapy» журналида бразилиялик олимлар шундай тадқиқотлар натижаларини эълон қилишди ва куркуминнинг вирусга қарши таъсир доираси жуда кенг эканини, фаоллиги эса барчага маълум синтетик препарат — гидроксихлорохиндан юқори эканини аниқлашди.
Цинк микроэлементи ва С витаминининг CОVID – 19 ни даволашдаги аҳамияти кўпчиликка маълум.
«Антиковир» препаратининг клиник синовлари «омикрон» кучайган пайтда ўтказилди. Шу билан бирга, хулосада экспертлар «Антиковир»ни антиагрегант ва вирусга қарши хусусиятларни, шунингдек, хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда у постковид синдромини даволашда ҳам истиқболли эканини қайд этишди.
Қизиқарли интервью учун ташаккур