Тошкентда бир куб метр ичимлик суви 1 400 сўмни ташкил этса, Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич 6 800 сўмга тенг. Тарифлар ўртасидаги фарқ сув манбаларигача бўлган масофа, сувни етказиб бериш ва инфратузилмани сақлаш харажатлари билан боғлиқ. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ маълум қилди.
Айрим ҳудудларда сув манбалари аҳоли пунктларига яқин жойлашган. Бошқа ҳудудларда эса сувни юзлаб километр масофадан етказиб беришга тўғри келади. Масалан, Қорақалпоғистонга сув Туямўйин гидроузелидан етказиб берилади. Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятлари Дамхўжа ерости сув олиш иншоотидан таъминланади. Қашқадарё вилоятининг айрим туманларига эса сув узунлиги 200 километргача бўлган магистрал қувурлар орқали етказилади.
Тарифларга электр энергияси, ходимлар иш ҳақи, тармоқларни таъмирлаш ва халқаро молия институтларидан олинган кредитларни қайтариш харажатлари ҳам таъсир қилади.
«Бир куб метр ичимлик суви қийматининг қарийб учдан бир қисми (29 фоизи) ходимлар иш ҳақига, 27 фоизи электр энергияси харажатларига, 19 фоизи ускуналар амортизацияси ва бошқа харажатларга тўғри келади. Яна 15 фоизи халқаро молия институтлари кредитларини қайтаришга, қолган 10 фоизи эса жорий ва капитал таъмирлаш ишларига йўналтирилади», — деди «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Ислом Абдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги уч йилда электр энергияси нархи 2,4 баробарга ошган. 2023 йил октябрь ойида тариф 1 кВт·соат учун 450 сўмдан 900 сўмга кўтарилган. 2025 йил май ойида 1 000 сўмга, 2026 йил 1 июндан эса 1 100 сўмга етган.
Компания маълумотларига кўра, аҳоли учун ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ичимлик сувининг ўртача тарифи бир куб метр учун 4 217 сўмни ташкил этади. Оқова сув хизматлари эса ўртача 208 сўмга тўғри келади.
«Ўзсувтаъминот»да истеъмолчиларнинг қарздорлиги ҳақида ҳам маълумот берилди. 1 октябрь ҳолатига кўра, қарздорлик 542,6 млрд сўмга етган. Унинг 430,7 млрд сўми аҳоли, 111,8 млрд сўми эса юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
2027 йил 1 январдан қарздорликни ундириш тартиби ўзгаради. Қарз миқдори 1 000 БҲМдан ошмаса, у нотариус орқали ундирилади. Бундан юқори суммадаги қарздорлик масаласи судга оширилади. Янги механизм Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга нисбатан қўлланмайди.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан сув таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади. Бу президентнинг 2026 йил 24 июлдаги фармонида белгиланган.
Компанияда янги тартиб тарифларни ягона иқтисодий мезонлар асосида белгилаш имконини бериши кутилмоқда. 2027 йил 1 апрелдан бюджет ташкилотлари учун сув таъминоти ва оқова сув хизматларига ягона тариф жорий этиш ҳам режалаштирилган.


