Ўзбекистонда иш жойларида хавфсиз ва ўзаро ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини таъминлаш бўйича Миллий дастурни амалга ошириш бошланди. Дастур ходимларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, тазйиқ, зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш, мурожаатларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Тошкентда ўтказилган тадбирда давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари дастурни амалиётга жорий этиш бўйича навбатдаги вазифаларни муҳокама қилди.
Дастур доирасида 2026 йил декабрь ойига қадар «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» рақамли порталини ишга тушириш режалаштирилган. Давлат ташкилотлари ходимлари у орқали қоидабузарликлар ҳақида аноним хабар бериши, ваколатли органлар эса мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва кўрилган чораларни кузатиб бориши мумкин бўлади.
Дастур ижросини Президент Администрацияси ҳузуридаги Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офиси мувофиқлаштиради.


