«Uzbekistan Airports» АЖ томонидан мамлакат аэропортларининг санитария-ҳимоя ҳудудларида атмосфера ҳавоси сифатини кеча-ю кундуз автоматик мониторинг қилиш тизими жорий этилмоқда. Хусусан, 9 октябрь куни Самарқандда ва 15 октябрь куни Фарғонада тегишли ускуналарни ўрнатиш ҳамда созлаш ишлари тўлиқ якунланди. Келгусида бундай станцияларни бошқа аэропортлар атрофида ҳам ўрнатиш режалаштирилган.
Мазкур станциялар ҳаводаги азот диоксиди, олтингугурт диоксиди, ис гази, озон, аммиак каби ифлослантирувчи моддалар ҳамда PM2.5 ва PM10 майда заррачалари концентрациясини, шунингдек, ҳарорат, намлик, босим ва шамол кўрсаткичларини ўлчайди. Барча маълумотлар атроф табиий муҳит мониторингининг ягона геоахборот маълумотлар базасига автоматик равишда узатиб борилади.


