Шавкат Мирзиёев Бокуга ишчи ташрифи доирасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Томонлар стратегик шерикликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Йил бошидан буён икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга (ОҲИЧК) муваффақиятли раислик қилгани ҳамда ташкилотнинг еттинчи саммитини ўтказгани билан табриклади.
Президентлар Илҳом Алиевнинг жорий йил август ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди. Шунингдек, турли даражалардаги фаол алоқалар қайд этилди.
Геология, энергетика, қурилиш, транспорт ва логистика, енгил саноат ҳамда туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув ҳам давом этмоқда.
Учрашув якунида давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилди.


