Маълум қилинишича, ҳозирда республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ва қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади.
Жорий йилда улар эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, айрим ҳудудларда суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Уни 46 кундан ортиқ муддатда олаётган истеъмолчилар улуши 22 фоизни ташкил этмоқда.
Тизимни ислоҳ қилиш доирасида “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “LPG-Trade” МЧЖни ташкил этиш таклиф қилинди. Янги тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, аҳолига етказиб бериш билан шуғулланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, суюлтирилган газ нархини иқтисодий асосланган механизмлар асосида шакллантириш, бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга харид қилинган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўлаш таклиф этилмоқда.
Хусусий операторларни жалб қилиш бўйича илк пилот лойиҳа Андижон вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган. Кейинчалик тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.


