Айни кунларда Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Ўзбекистоннинг етакчи таҳлил марказлари, шунингдек тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат экспертлар делегацияси амалий ташриф билан бўлиб турибди. Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларининг бугунги ҳолатини ҳар томонлама муҳокама қилиш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Ташриф доирасида савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Экспортчилар уюшмаси вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармасида учрашув ўтказди.
Иштирокчилар давлат раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур жамғарма қўшма ташаббусларни амалий рўёбга чиқаришнинг муҳим воситаси ҳамда саноат кооперациясини чуқурлаштирувчи асосий омиллардан бирига айланганини таъкидладилар.
Учрашувда сўзга чиққан жамғарма бошқаруви раиси Азиз Аалиев ушбу тузилма қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди. Бугунги кунга қадар умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 37 та лойиҳани амалга ошириш маъқулланган. Ҳамкор инвесторлар маблағлари ҳисобга олинганда эса ушбу кўрсаткич 100 миллион АҚШ долларига етади.
Шу билан бирга, конструктив мулоқот давомида жамғарма фаолияти самарадорлигини янада ошириш ва унинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ички тартиб-таомилларни такомиллаштириш ҳамда лойиҳа аризаларини келишиш жараёнини жадаллаштириш орқали жамғарма фаолиятини ўзгарувчан бозор шароитларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф дастурининг навбатдаги банди доирасида делегация савдо, қурилиш, молиявий хизматлар ва саноат кооперацияси каби турли соҳаларда фаолият юритаётган 50 нафардан ортиқ қирғизистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот давомида барча йўналишларда шериклик юқори босқичга кўтарилгани, мавжуд тўсиқлар изчил бартараф этилаётгани ҳамда умумий иқтисодий макон шаклланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга, ҳамкорликда ҳали тўлиқ ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Қирғизистонда қурилиш соҳаси ўтган йили 21 фоизга ўсгани ҳисобга олиниб, ушбу соҳада мутахассисларга талаб юқори экани ва бозор эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш учун миграция қонунчилигини соддалаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, ўзаро сафарлар сони жадал ошиб бораётгани таъкидланди. 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Марказий Осиё мамлакатларидан 9 миллион сайёҳнинг 3,3 миллиондан ортиғини Қирғиз Республикаси фуқаролари ташкил этган.
Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш тенденция кузатилмоқда. Ишбилармонлик алоқалари фаол мустаҳкамланиб, хизмат сафарлари сони изчил ошиб бормоқда. Шу муносабат билан Қирғизистон авиакомпаниялари Ўзбекистон шаҳарларига, аввало Хива, Самарқанд ва Фарғонага авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Охирги йилларда ҳафталик рейслар сони 3 тадан 40 тадан ортиққа ошганига қарамай, талаб ҳали ҳам юқори экани қайд этилди.
Транспорт-логистика масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Қирғизистон бозорида талаб ошиб бораётгани ҳисобга олиниб, тадбиркорлар юкларни тезкор етказиб бериш учун юк автомобиллари паркларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, туризм ва банк молиялаштириши билан боғлиқ долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу масалаларнинг барчаси икки давлат раҳбарлари белгилаган стратегик мақсад — ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифасини амалда таъминлаш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Иштирокчилар саноат кооперациясининг улкан салоҳияти ва анъанавий дўстона муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида интеграция жараёнларини янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирдилар.


