28 август куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида йўловчи поезди ва «Gentra» автомобили иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Поезд темир йўлни кесиб ўтишга уринган оқ рангли «Gentra» автомобили билан тўқнашган. Ҳодиса жойидан олинган видеода автомобиль яқинлашаётган поезд олдидан темир йўл кесишмасига чиқиб кетгани акс этган.
Кучли зарба оқибатида енгил автомобиль бетон устунга улоқтирилган. Автомобиль жиддий шикастланган.
Кадрларда тўқнашув зарбидан автомобиль салонидаги бир киши ташқарига отилиб кетгани ҳам кўринади. Kun.uz хабар беришича, ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлган.
Айни пайтда воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тегишли идоралар томонидан расмий изоҳ берилмаган.


