Халқаро конференциянинг биринчи босқичи Ўзбекистон Нотариал палатаси ва Халқаро нотариуслар иттифоқи Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссиясининг ҳамкорлигида “Нотариат соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш” мавзусида ўтказилди.
Унда 40 га яқин давлатларнинг нотариат соҳасидаги делегациялари, шунингдек турли маҳаллий давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этишмоқда.
Конференцияга Халқаро нотариуслар иттифоқининг Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссияси президенти Ричард Бок модераторлик қилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда нотариат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва келгусидаги режаларга тўхталиб ўтди.
Таъкидлангандек, Ўзбекистонда 2020 йилдан хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ хусусий нотариуслар фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. 2022 йилда Ўзбекистон нотариат тизими Халқаро нотариуслар иттифоқининг 91аъзоси бўлди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон томонидан нотариат соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш ва уни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунда Германия, Франция, Италия, Туркия, Хитой, Япония, Индонезия, Ветнам, Монголия, Доминика, Бенин, Украина, Литва, Беларус, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг нотариат соҳасидаги ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Халқаро анжуманда мавзу юзасидан Сенегал, Буюк Британия, Хорватия, Испания, Австрия, Аргентина, Қозоғистон ва бошқа давлатлар вакилларининг маърузалари ҳам тингланди ва муҳокама қилинди. Илғор тажрибалар оммалаштириладиган бўлди.
— Мен Сенегал давлатида мавзу бўйича олиб борилаётган фаолият ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот бердим. Яъни, лотин типидаги нотариатга аъзо давлатлар томонидан бу борада бирлашиш, нотариуслар томонидан терроризмни молиялаштирилишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталдим, —дейди Сенегал нотариуслари вакили, Халқаро нотариуслар иттифоқининг фахрий президенти Даниел Седар Серхор. — Нотариусларнинг вазифаси терроризмни молиялаштиришга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиб қолиш, ҳомийларини аниқлаш ва керакли органларга тақдим қилишдан иборат, биз инсониятга хавф солувчи ҳар бир ҳаракатга қарши биргаликда курашмоғимиз лозим.
Дарҳақиқат “Нотариат соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш” мавзуси бугунги кунда нотариат соҳасида фаолият юритувчи ҳар бир шахс учун муҳимдир. Чунки, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги хавфларни аниқлаш ва бартараф этишда нотариусларнинг ўрни катта. Шунинг учун ҳам мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиб, фикр алмашиб, соҳани янада такомиллаштириш муҳим ролни ўйнайди.
МАНБА:“Халқ сўзи”