Главная > САЛОМАТЛИК > Боғ Абдулла Қодирий номига муносибми?!

Боғ Абдулла Қодирий номига муносибми?!



Боғ Абдулла Қодирий номига муносибми?!

Шу йилнинг 14 июнь куни эрталаб Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг ичида ўнга яқин кўринишидан зиёлинома аёлларнинг ўт юлиб, атрофни тозалаётганини кўриб ҳайрон бўлдик. Уларни суҳбатга тортдик.
— Ҳорманглар, саҳарлаб ишга киришибсизлар?

— Бизлар “Абдулла Қодирий” қалдирғочларимиз. Бу ерга ҳар йили баҳор, ёз фаслида эрталаб соат олтиларда, куз-қиш фаслида еттиларда соғлиғимизни тиклаш мақсадида келамиз. Раҳбаримиз Насиба Алиева. У киши кекса онахон бўлишларига қарамай, бизга бадантарбия қилиш учун ажратиб берилган жойни ўт, шох-шаббалардан тозалашга ёрдам беради, — деди аёллардан бири. — Ҳайронмиз, аслида бу ишларни мана шу боғ мутасаддилари қилишлари керак эмасми?
Насиба Алиева суҳбатимизга қўшилди. Аёллар “Чиғатой”, “Зарқайнар”, “Хастимом”, “Қумлоқ”, “Янги себзор” маҳаллалар йиғинида яшовчи фуқаролардан иборат соғломлаштириш гуруҳи аъзолари экан. Бири шифокор, бири ўқитувчи, олим, тадбиркор, турли соҳаларда давлатимизга ва халқимизга хизмат қилишган.

— Тўрт-беш йил олдин Абдулла Қодирий боғи пойтахтдаги бошқа боғлардан манзарали дарахтлари, алвон атиргуллари, соя-салқин берадиган чинорлари, тозалиги, ободлиги билан ажралиб турарди, — дейди Н.Алиева. — Бир неча бор телевидение кўрсатувларида бу ерда қилинаётган ишлар бутун мамлакатимизга тарғиб қилинганлигининг гувоҳимиз. Бугун эса бу боғ қайси вазирликка қарашлилигини, қайси ташкилот тасарруфида эканлигини ҳам билмаймиз. Йилдан-йилга ташландиқ жойга айланиб бормоқда. Кейинги тўрт-беш йил ичида экилган гуллар қуриди. Улар ўрнини одамбўйи ёввойи ўсимликлар, ажриқлар эгаллади. Боғ эгасиз қолди. Ўриндиқлар кўчирилиб, олиб кетилди. Гавжум кутубхона, “Семурғ” номли болалар томошахонаси, музқаймоқ сотиладиган жойлар ҳувиллаб қолди. Бу ерда биздан бошқа ҳеч ким қолмади. Бултур февраль ойида бўлса керак, ўзимизга қулф олдиришди. Машқ ўтказадиган жойни аранг илтимос қилиб сўраб олдик. Ҳанузгача бу жойларда вақтимизни машқ қилиш ўрнига ўтларни тозалаш билан ўтказмоқдамиз.

— Абдулла Қодирий боғи шаҳар миқёсидаги барча тадбир ва байрамлар, шоир, ёзувчилар, халқ артистлари билан учрашувлар, Наврўз, қовун сайиллари, белбоғли кураш, аския кечалари, дорбозлар чиқишлари ўтказиладиган жой эди, — дейди ўзини Салтанат Қодирхўжаева деб таништирган аёл. — Боғ шаҳарнинг тарбия ўчоғи эди. Ота-оналаримиз билан бу боғга байрамона кийиниб келардик. Каттаю кичикнинг на қоғоз, на писта пўчоғини дуч келган жойга ташлаганини кўрмасдик. Ана шуларга ўзимиз ҳам одатланиб, фарзандларимизни ҳам ўргатган эдик. Саккиз йил олдин боғимиз қайта реконструкция қилинадиган бўлди. Неварам Мафтуна тўрт яшар эди. Чўмилишга мўлжалланган яриморол шаклига ўхшаш ёзги сув ҳавзаси қуриб, топширилди. Ёшу қари жазирама иссиқ кунларда шу ерда жон сақлардик. Ҳозир қани у?

Аёллар орасидан яна бири — Жамила Аҳмедова ҳам гапга қўшилди:

— Ёшлигим шу боғда ўтган. 50-60 йил аввал боғда саккизта электр тармоқсиз ишлайдиган арғимчоқ ва от ўйини қурилмаси бўларди. Халқимиз бу ерга соя-салқин бўлгани сабабли тоза ҳавода тўйиб нафас олиб, ҳордиқ чиқариш учун фарзандлари, неваралари билан келишарди. Замонавий аттракционлар бўлмаса ҳам ҳафтанинг етти кунида боғ одамлар билан гавжум бўларди. Ҳинд фильмларини оёқда туриб кўрардик. Эсингизда бўлса, 2017 йил Наврўз байрами шу боғда ўтказилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. Боғимиз бирдан очилиб кетди. Манзарали дарахтлар, одамларнинг баҳри-дилини очадиган турли-туман гуллар экилди. Шоир, ёзувчилар санъаткорлар — барча-барча шу ерда бўлди. Наврўздан сўнг лола гулли ва бошқа турдаги манзарали дарахтлар қандай экилган бўлса, шундай йўқолди. Бир неча кундан сўнг боғимиз ўзининг эски ҳолига тушиб қолди. Бу йил баҳорда Абдулла Қодирийнинг таваллуд куни кенг нишонланди. Яна гуллар, манзарали дарахтлар экилди. Шоир, ёзувчилар, 30-40 нафар талаба-ўқувчилар Абдулла Қодирийни эслаб, унинг сиймоси пойига гулчамбарлар қўйишди. Аммо яна ўша эски гап. Шу куннинг ўзида гул ва гулчамбарлар ғойиб бўлди. Буларни кўриб, нима дейишга ҳам ҳайронсан. Ўзи нималар бўлаяпти? Бундай кўзбўямачиликлар кимга керак?..

“Абдулла Қодирий” қалдирғочларининг гап-сўзларини эшитганимдан кейин кўрганларимни суратга тушира бошладим. Уч-тўртта кўприк ўрнатилган ариқлардан илгари зилол сувлар оққан бўлса керак. Ҳозир эса ўрнида кўлмаклар қолибди, уларда чивин, пашшалар, итбалиқлар сузиб юрибди. Қаровсизлик туфайли ярим орол ҳавзаси ўртасидан дарахт ўсиб чиқибди. Тунги ёритқичларнинг узилиб, дарахтларнинг синиб, девор ва темир панжараларнинг бузилиб ётиши, кутубхона ёнидаги деворларда ёзилган севги изҳорлари, ахлатхона уюмларини суратга тушириб, аёллар билан айланар эканмиз, қаердандир рацияли одамлар пайдо бўлишди. Улар биз билан гаплашишни эп кўрмадилар. Боғ ичидаги буюк ёзувчи сиймосига ва унинг остидаги битикларга кўзимиз тушди.

1894-193... Яқинроқ бориб қарасак, ёзувлар ҳам бронза, латундан эмас, сунъий қоришмадан тайёрланган экан. Иссиқ-совуқдан қовжираб, тушиб кетибди.

Абдулла Қодирий ўз даврида ўзбек халқининг ҳақ-ҳуқуқи, мустақиллиги ва адолат учун курашган эди. Адабиётимизни, маънавиятимизни ўлмас асарлари билан бойитган эди. Бугун эса унга “ҳурмат-эҳтиромимиз” шу боғ тимсолида ҳам намоён бўлиб турибди.

Олмазор ва Шайхонтоҳур туманида яшовчи аҳоли билан суҳбатларимиз давомида бир нарсага амин бўлдик. “Абдулла Қодирий номидаги бу боғ шаҳар аҳли учун ниҳоятда керак ва у обод масканга айлантирилиши шарт!”. Чунки бу боғ нафақат икки туман аҳолисининг маданий дам олиши учун хизмат қилади, балки шаҳар аҳлини мусаффо ҳаво, тоза кислород билан таъминлайдиган ноёб маскан ҳам ҳисобланади. Шу сабабли боғ давлат томонидан обод қилинмоғи лозим. Бирор ишбилармон ёки тадбиркор қўлига берилмаслиги керак. Агар боғ бирор тадбиркор ёки ишбилармонга берилса, у бу ерда замонавий аттракционлар, турли хил бинолар, иншоотлар барпо этиш мақсадида бир неча юз йиллик чинорлар, ёнғоқлар ва бошқа дарахтларга зарар етказиши, боғнинг тарихий қиёфасини бузиши мумкин. Қолаверса, бу боғ тарихий ва замонавий жиҳатдан улуғ адиб номига муносиб бўлиши керак.

Даврон АҲМАД
Суратлар муаллифники
Вернуться назад