Главная > Менинг Ўзбекистоним > Исроиллик ва америкалик туристлар нимадан ҳайратда?

Исроиллик ва америкалик туристлар нимадан ҳайратда?


Исроиллик ва америкалик туристлар нимадан ҳайратда?

25 йилдан буён Ўзбекистонда бўлмаган исроиллик меҳмонлар юртимиздаги янгиланишни кўриб, ўз ҳайратини яширолмади. Уларнинг америкалик қариндошлари бундан тўрт йил аввал Самарқанд ва Тошкентда бўлганликларига қарамасдан, кейинги йилларда юз берган ўзгаришларга бефарқ эмасликларини баён этишди.

Хорижлик сайёҳлар билан учрашиб, уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги, юртимизга келиш учун яратилган қулайликлар хусусидаги таассуротларини ёзиб олиш мақсадида Регистон майдонида бўлдим. Ҳар галгидек майдон сайёҳларга тўла эди. Улар орасида мадрасаларга, чор артофга бошқача меҳр билан қараб, ўзаро нималарнидир муҳокама қилаётган гуруҳ диққатимни тортди.

Маълум бўлишича, улардан тўрт нафари Исроилдан, бир нафари АҚШдан ташриф буюрган меҳмонлар экан. Суҳбатимиздан улар яқин қариндош эканлиги, ўзаро гаплашиб, бир вақтда Самарқандга келишганлигини билиб олдим. Улар дастлаб Ўзбекистонга визасиз сафар қилиш имконияти яратилганлигидан мамнун эканлигини уқтиришди. Америкалик меҳмон Рубен Гавриэлов авваллари виза олиш учун қанча вақт ва асаб керак бўлишини, боз устига маблағ сарфлашга, яъни 160 доллар тўлашга тўғри келганлигини айтиб, энди бу оворагарчиликлар ортда қолганлигини мамнуният билан таъкидлади.
Исроиллик ва америкалик туристлар нимадан ҳайратда?

“Туғилиб ўсган юртимизга мен Исоқ акам билан келдим. Тошкент аэропортига тушдик, бу ерда ҳам ажойиб ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Чегара постидан аввалги вақтларга қараганда анча тез ўтдик. Божхона постида ҳам илгаригига ўхшаб юкларимизни очиб текширишмади, биз “яшил” йўлакдан ўтдик ва ҳаммаси бўлиб аэропорт биносидан ташқарига чиқишимиз учун 20 дақиқадан оз вақт керак бўлди”, – деди Р.Гавриэлов.

Исроиллик сайёҳ Рахмин Натанов суҳбатга тортим. У ўзининг ҳамроҳлари Светлана Натанова, Лиза Кўсаева ва Сёма Кўсаев билан мени таништирди. Суҳбатдошим визанинг бекор қилиниши Исроилдан Ўзбекистонга келадиган туристлар оқимининг сезиларли даражада кўпайишига сабаб бўлишини эътироф этар экан, жумладан шундай деди: “Бу бизнинг она юртимиздир. Биз қаерда бўлмасак, уни қўмсаб яшаймиз. Шунингдек, бу ерда ота-боболаримизнинг қабри бор. Биз ҳар замонда келиб, улар охирги қўним топган жойни зиёрат қиламиз, таъмирталаб қабр тошларини янгилаймиз, қабристоннинг ободлигига ўз ҳиссамизни қўшамиз”.

Р. Натанов кейинги 25 йил давомида Ўзбекистонда бўлмаганлигини уқтириб, Тошкентдаги, пойтахтдан Самарқандгача бўлган йўлдаги ўзгаришлар, ўзи туғилиб ўсган қадимий шаҳардаги янгиланишлар унга катта таассурот қолдирганлигини таъкидлади. У йўллар кенгайганлигини, иморатлар ранг-баранг тус олганлигини, енгил машиналар кўплигини қониқиш билан қайд қилди. Унинг тасаввурида Регистон майдони ва унинг атрофи эскича гавдаланиб турган экан: кўплаб савдо ва умумий овқатланиш нуқталари, катта автобекат, юзлаб машиналар карвони ва ҳоказо... Бугунги ҳолат унинг учун кутилмаган бир воқелик бўлганлигини уқтирди.

Ҳа, биз ҳар куни кўриб юрганларимиз қанчалик ўзгарганига ҳар доим ҳам холис баҳо бера олмаймиз. Агар юртимизга чорак аср бўлмаган шахснинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, биз ҳам кўп нарсани бошқача англаган ва янада кучлироқ қадрлаган бўлардикми?!
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Вернуться назад