Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Антиқа алдов фирибгарнинг ўзини темир панжара ортига равона қилди
11-10-2019 19:03 0 456 Рейтинг0 Чоп этиш

Антиқа алдов фирибгарнинг ўзини темир панжара ортига равона қилди

Антиқа алдов фирибгарнинг ўзини темир панжара ортига равона қилди

Ўтган йили август ойининг бошлари эди. Самарқанд шаҳридаги "Гранд Самарқанд" меҳмонхонаси ишчи-хизматчилари тушлик қилишаётганди. Даврада кимдир Гулсум опадан (исм-шарифлар ўз¬гар¬тирилди) "Ўғлингизни хорижга ишга жўнатдингизми?!" — деб сўраб қолди.

Меҳмонхона иш юритувчиси Г. Ғаффорова юраги тў¬либ турган экан, чоғи, бирдан дардини дастурхон қил¬ди. Яъни ўғлини хорижга жўнатиш учун 17 минг АҚШ доллари зарур экани, аммо бунча маблағни тополмаётганини айтиб, нолиди.

Ҳамма иш-ишига тарқалгач, меҳмонхона фарроши Гулчеҳра Гулсум опанинг ёнига келди.

— Пул топилмаяпти деб, кўпам сиқилаверманг, опа, — деди у меҳрибонлик билан. — Ўғлингизни хорижга жўнатишга мана мен, — қўлини кўксига урди Гулчеҳра, — сизга ёр¬дам бераман.

Рости гап, бундан атиги бир ҳафта бурун синов муддати билан ишга қабул қилинган жувоннинг бу қадар ишонч билан гапириши Гулсум опани ҳайрон қолдирди.

Бундай катта миқдордаги пулни оддий фаррош қандай қилиб топиб бериши мумкин? Бу савол опани қизиқтириб қўйди. Гулчеҳра эса, кўп куттирмади, мақсадга кўчди.

— Хорижий давлатда холаваччам ишлайди, — деди у гапида давом этиб. — Америка Қўшма Штатларида. Агар унга айтсам, пул бериб туради. Бунинг битта шарти бор. Сиз тилла тақинчоқларингизни гаровга беришингиз керак.

Гулсум опага бу таклиф маъ¬қул тушди. Нима бўпти, тилло тақинчоқларини гаровга қўяди, сўнг қайтариб олади. Бунинг эвазига ҳеч нарса йўқотмайди, аксинча, ўғлининг иши битгани қолади.

Эртаси куни эса, Гулчеҳра ишга келибоқ Гулсум опага юзланди. Тилла тақинчоқларни олиб келган-келмаганини сўради. Кеча оқшом онаси холасининг хориждаги қизи билан гаплашганини, агар тилла тақинчоқларни тезроқ гаровга бермаса, у пулини бошқа бировга бериб қў¬йиши мумкинлигини айтди.

Буни эшитиб, Гулсум опа бироз шошиб қолди ва дарров уйига, келини Нигорага қўнғироқ қилди-да, тилла тақинчоқларни ўғли Жамшиддан бериб юборишни тайинлади.

Гулчеҳра Гулсум опанинг хонасига кирганида стол устига тилла тақинчоқлар ёйиб қўйилганди.

Қисқаси, ўша куни Гулсум опа тўрт дона узук, олмос кўз¬ли бир дона ҳалқа ва узук, бир дона билакузук... Жами ўн тўрт турдаги 15 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни Гулчеҳрага берди. Ишончли бўлиши учун Гулчеҳра тилхат ёзиб, унинг қўлига тутқазди.

Шундан сўнг Гулчеҳра Тош¬кент¬га бориб, онасидан пул олиб келиш учун жавоб беришни сўради. Гулсум опа бунга ҳеч бир эътирозсиз рози бўлди. Чунки Гулчеҳра Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидан.

Жомбойга келин бўлиб тушган. Хориждаги холаваччаси пулни Тошкентга, онасига жўнатармиш.

Ўғлини хорижга ишга жў¬натиш муаммоси ҳал бўлаётганидан қувонган Г. Ғаффорова ўйлаб ўтирмасдан Гулчеҳранинг айтганини қилди. Орадан ик¬ки кун ўтгач, меҳмонхонага кириб келган Гулчеҳрадан Гулсум опа пулни сўради.

— Тошкентдан 17 минг АҚШ долларини олиб келдим, — де¬ди Гулчеҳра. — Кечқурун қай¬нонам билан сизларникига борамиз.

Ўша кун Гулсум опа пулни олиб келиб қолар, деган умид билан тун яримлагунича уларни кутди. Аммо Гулчеҳра билан қайнонасидан дарак бўл¬мади. Эртаси куни меҳмонхонага қовоғи солиқ, хафақон қиёфада кириб келган Гулчеҳра қайнмомоси вафот этганини айтиб, азага бориш учун рухсат сўради.

"Бошига мусибат тушиб қолганидан пулни олиб келишмаган экан-да", дея кўнг¬лидан кечирди Гулсум опа. Сўнг у Гулчеҳрага таскин-тасалли бериб кўнглини кўтарди. Унга яна ишдан рухсат берди. Гулчеҳра қайнмомосининг таъзиясига икки кун кетди. Учинчи куни у меҳмонхонага ишга келгач, ўзига савол-назари билан қараган Гулсум опага "хавотир олманг, Тошкентдан мен ўзимга ҳам пул олиб келганман" дея халати чўнтагидан 200 АҚШ доллари чиқариб кўрсатди.

Сўнг бугун кечқурун қайнонаси билан бирга бориб, 17 минг АҚШ долларни беришни айтди.

Ўша кун оқшом Гулсум опа эшик "тиқ" этса, улар келдимикин, деган умидда йўл қаради. Афсуски, Гулчеҳрадан ҳам, қайнонасидан ҳам дарак бўлмади. Бир ойлик синов муддати билан меҳмонхонага фаррошлик вазифасига ишга қабул қилинган Гулчеҳра шу тариқа бу ерга қайтиб келмади. Тақинчоқларидан айрилиб қолган Гулсум опа уни излаб Жомбой туманининг Тошкент маҳалласига борди. Гулчеҳранинг қайнонасидан эшитган гапдан эс-ҳушини йўқотаёзди. Чунки Гулчеҳранинг қайнонаси онаси ҳаёт эканини айтди...

Шу ўринда бу воқеага ойдинлик киритадиган бўлсак, ўша кун Гулчеҳра Гулсум опадан тилла тақинчоқларини олгач, Тошкентга кетмаган, балки заргарлик дўконига бориб, ҳали тақинчоқларни арзон-гаровга, яъни 9 миллион сўмга сотиб юборганди. Бир гал Гулсум опа Гулчеҳрани қидириб борганида эри уни қаердандир топиб келди. Шунда у уйидан бир дона тилло тақинчоқни чиқариб берди. Кейин эса, Нодира исмли дугонасиникига эргаштириб бориб, бир дона узукни олиб чиқди. Бошқа тақинчоқларнинг тақдири нима бўлганидан эса, хабарингиз бор.

Қисқаси, шу тариқа фирибгар аёл жабрланувчи Г. Ғаффорованинг 13 миллион 200 минг сўмлик мулкини ўзлаштириб юборди.

Гулсум опа Самарқанд билан Жомбой орасида зув қатнаб юрган пайтда бошқа бир фуқаро — Ҳалима Келдиёрова ҳам Гулчеҳрани излаб юрганди. Негаки, Г. Ҳотамқулова Ҳ. Келдиёрованинг жа¬ми 4 миллион 510 минг сўмлик мулкини "сув" қилиб юборганди.

Ҳалима бошқа шаҳардан болалар ва аёллар кийим-кечагини арзонроқ нархда олиб келиб, уйида, баъзан кўчада сотарди. Бир куни у Г. Ҳотамқулова эри билан ишлайдиган ошхонага кириб, бу қўли очиқ жувон билан танишиб қолади. "Қўли очиқ" деганимизнинг сабаби бор.

Чунки ўшанда Гулчеҳра ундан нақд пулда анча-мунча кийимларни сотиб олганди.

Кўп ўтмай у Ҳалиманинг уйига келади. Ўзига ёққан кийимлардан олиб, пулини бе¬ради. Шу тариқа буткул Ҳа¬лиманинг ишончига киради.

Кейинги сафар келганида эса, 430 минг сўмга тенг бўлган кийим-кечакларни насияга олиб кетади. Хуллас, орадан беш-олти кун ўтиб, у яна Ҳалиманинг уйида "то¬вар"¬ларга харидор бўлади. Пулини кейинроқ беражагини айтиб, яна ки¬йим харид қилади.

Ҳалима аввалги "товар"ларининг пулини сўраганида, у содда аёлни эрим бироз кейинроқ пулларни бирваракайига беради, деб алдайди.

Аслида Г. Ҳотамқулованинг эри Бекбўта бундай гапни айт¬маганди.

Гулчеҳра жабрланувчини ўзига шунчалик ишонтириб олгандики, бу аёл бунча кўп кийим-кечакни нима қилади, деган фикрни умуман хаёлига келтирмасди. Шу аснода фирибгарликнинг минг бир ҳадисини олган Г. Ҳо¬тамқулова жабр¬ланувчи Ҳ. Келдиёровани ўзининг алдовлари билан 4 миллион сўмга чув туширди.

Албатта, жабрланувчилар дағдаға билан уйга келиб, жанжал кўтаришидан Бекбўта қўни-қўшни олдида хижолат чекади. У бундан анча аввал Гулчеҳрани қаттиқ койиган эди. Гулчеҳра эса, эрининг дашномини эшитишни хоҳламайди. Шу ўртада ўзаро айтишув жанжал билан тугайди. Гулчеҳра уйдан чиқиб кетади.

Шундан сўнг Гулчеҳра Самар¬қанд шаҳридаги "Дили мах" меҳмонхонасига фаррош бўлиб ишга киргач, пастдарғомлик Шоира исмли аёл билан танишиб қолади. Шоира ҳам меҳмонхонада фаррош бўлиб ишларди. Тез орада иꬬкови иноқ бўлиб кетди. Эҳ¬тимол, бунга кўпроқ Гулчеҳранинг сохта меҳрибонлиги сабаб бўл¬гандир. Бунинг устига, иккиси шаҳарнинг "Микрорайон" ҳудудидаги ижара уй¬да бирга яшай бошлагач, ораларидан қил ўтмайдиган дугонага айланишди.

Одатда, Гулчеҳра ҳамхонасидан тилла тақинчоқлари бор-йўқлигини сўрайверарди. Охири Шоира бунинг сабаби билан қизиқди.

— Биласизми, — деди Гулчеҳра унга жавобан, — мен Уч¬қун исмли бойвачча йигит билан танишганман. Кунора учрашиб турамиз. У менга қимматбаҳо тилла тақинчоқлар олиб беришга ваъда қилган. Агар тилла тақинчоқларни кўр¬сатсам, пулини беради. Пулни олгач, мен омонатни сизга яна қайтариб берардим.

Бир хонада яшаб, ёнма-ён ишлаётгани учун Шоира унинг илтимосини рад этолмади. У опаси Баҳора Бадировадан тилла тақинчоқларини бир неча кунга бериб туришни илтимос қилди. Баҳора эса, синглисининг илтимосини ерда қолдирмади. Шу тариқа Г. Ҳотамқулова ўзганинг нархи 10 миллион сўм¬лик уч дона тилладан ясалган аёллар узуги, бир жуфт аёллар зираги, бир жуфт бриллиант кўзли зирак, бир дона билакузук ва бир дона тилла занжирни қўлга киритди.

Тилла тақинчоқларни олган заҳотиёқ Гулчеҳра қаергадир чиқиб кетди.

Бироқ орадан кўп ўтмай у бир миллион сўм олиб келди. У ўзига савол назари билан қараган Шоирага пулни Учқун берганини айтди.

— Учқун акам омонатни текширтириб кўриш учун олиб қолди, — деди у. — Эрта-индин тақинчоқларни ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини аниқлагач, пулини берармиш.

Шоира бу ёлғонларга чиппа-чин ишонди. Тилга олинган — Учқун исмли бойвачча ҳақидаги гаплар шунчаки ўй¬лаб топилган, аниқроғи, фирибгар аёл ғараз ниятига эришиш учун тўқиб-бичган алдов эди.

Аслида у шаҳарнинг Темирйўл бозоридаги заргарлик дўконига бориб тилла тақинчоқларни сотиб юборганди.

Буёғини сўрасангиз, Гулчеҳра Ҳотамқулованинг ўтмиши ҳам ҳавас қилгулик эмас. Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси, ўттиз олти ёшли Г. Ҳо¬там¬қулова муқаддам жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг ҳукми билан фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун икки марта суднинг қора курсисига ўтирган. Суднинг ўтган йил 25 майдаги ҳукми билан Г. Ҳотамқулова Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б" банди билан айбдор, деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қис¬ми ва 61-моддасига асосан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 50 ба¬равари миқдорида жарима жазосига ҳукм қилинган. Ана шу тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси Жиноят процессуал кодексининг 533-моддаси 3-бандига асосан кечиктирилган эди.

Аммо Г. Ҳотамқулова бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиш ўрнига жазонинг кечиктирилиш даврида яна қасддан оғир турдаги жиноят¬ни такроран содир этди. Суд судланувчи Г. Ҳотамқуловага нисбатан айблов ҳукми ўқиди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 60, 61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди томонидан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси ва жарима жазолари қисман қўшилди. Суд Г. Ҳотам¬қуловага узил-кесил ўташ учун беш йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдорида жарима жазоси белгилади. Жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси алоҳида-алоҳида ижрога қаратилди.

Судланувчи Г. Ҳотамқуловадан жабрланувчи Г. Ғаффорова фойдасига 13 миллион 200 минг сўм, Ҳ. Келдиёрова фойдасига 4 миллион сўм ва Ш. Бадирова фойдасига 10 миллион сўм ундириладиган бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, одам боласи ўзини яхши йўл¬га бошқара билиши керак. Мақоламиз "қаҳрамони"ни эса, умр йўлдоши ҳам ёмон йўлдан қайтара олмади. Қилмиш-қидирмиш. Барибир бировнинг моли бошқа бировга буюрмайди. Текин емоқнинг эса, қусмоғи бор. Шуни эсадан чиқармаслик лозим.
Фаррух САМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар судининг судьяси
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

“CHINT Electric” Ўзбек-Хитой қўшма корхонаси томонидан, ТДТУ ҳудудига қуёш панеллари олиб келиб ўрнатилди

Амударё ҳайбати йўқолдими? Ёҳуд ёшлигимда эшитган ривоятлар.

Рустамбек Карим ва Тўлқин Астановга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Режиссёр Абдухалил Менгноровнинг "Абу Исо Муҳаммад Термизий" бадиий фильми XVI "Лучезарный ангель" халқаро кинофестивалида иштирок этади.

expo
Боглиш маколалар