Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Фириб замиридаги тамагирлик оқ халатга қора доғ туширди
30-09-2019 16:59 0 600 Рейтинг0 Чоп этиш

Фириб замиридаги тамагирлик оқ халатга қора доғ туширди

Фириб замиридаги тамагирлик оқ халатга қора доғ туширди

Тамагирлик, олдига нажот истаб келган кишини кўр-кўрона алдаб, моддий наф кўриш...

Булар ҳалол, покдомон, ориятли одамнинг қўлидан келмайди. Ҳаётда бу оқлаб ҳам, кечириб ҳам бўлмайдиган иллат ҳисобланади. Шунингдек, бундай қилмишлар тегишли жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Муқаддас динимизда эса, тамагирлик оғир гуноҳ сифатида қораланади.

Дилшода (исм-фамилиялар ўзгартирилди) опага қийин бўлди. Тўнғич қизи Нафисанинг ўғли бир ярим йилдирки, оғир касал. Она қизининг афт-ангорига қараб бир куйинса, набирасининг аҳволини кўриб, яна юраги эзилади. Буёғини сўрасангиз, оёқ суягининг емирилиши оғир дард экан.

Тўшакдан туролмайдиган Улуғбекнинг инжиқликларидан ортиб, Нафиса рўзғор юмушларига улгуролмайди. Шу сабабли онаизор кўпинча набирасининг ёнидан нари кетмайди — қимирламай ўтиради.

Набирасини туман маркази — Қизилтепадаги тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокорларига кўрсатди. Аммо бундан натижа бўлмади. Касаллик ҳали-вери ортга чекинадиган кўринмайди.

Олти ойдан буён Улуғбекни травматолог-ортопед шифокор Рауф Мансуров даволайди. Дилшода опа ҳар сафар Улуғбекни ана шу дўхтирга олиб келганида у тиббий кўрикдан ўтказади. Ташхис қўяди.

Тавсиялар бериб, дори-дармон ёзиб беради.

Шу йилнинг июнь ойи ўрталарида Дилшода опа врач Р. Мансуровнинг олдига боради. Бундан уч-тўрт кун аввал опа набирасини шифокор ҳузурига олиб келганди. Бу гал ёлғиз ўзи келганини кўрган Р. Мансуров Улуғбекнинг соғлиғини сўрайди. Дилшода опа эса, набираси соғайиб кетмаётганидан ёзғиради. Мактабга боролмаётгани, уйда ўқиётганини айтиб, шифокордан ногиронлик нафақаси тайинлашда ёрдам беришни илтимос қилади.

— Набирангизнинг касалидан яхши хабардорман, — дейди Р. Мансуров. — Ногиронлик нафақаси тайинлашнинг иложи бор. Бунинг учун касаллик тарихи кўчирмаларини тайёрлаш керак. Шу тариқа ишни ҳал қилиб беришим мумкин.

Унинг сўзларини эшитиб, Дилшода опа хурсанд бўлади. Иши битишига умид қилиб, ортига қайтади. Кейинги ойга ўтиб, Р. Мансуров Дилшода опанинг қўл телефонига қўнғироқ қилади ва ўзига келиб учрашишини сўрайди.

— Касаллик тарихидан кўчирмаларнинг биттаси тайёр бўлди, — дейди Р. Мансуров. — Қолган ҳужжатларни ҳам ўзим тайёрлашим мумкин. Тиббий меҳнат экспертиза комиссиясида ҳам танишларим бор. Фақат бунинг учун 1 миллион 500 минг сўм беришингиз керак...

Бунча катта миқдордаги пулнинг дарагини эшитгач, Дилшода опанинг юзида норозилик аломати пайдо бўлди. Уни англаган врач яна гапида давом этди.

— Агар таклифимни қабул қилмасангиз, қолган ҳужжатларни тайёрлаш учун ўзингиз югуришингизга тўғри келади, — деди шифокор.

Дўхтирнинг гапларини эшитиб, Дилшода опанинг ҳуши бошидан учди.

Ҳужжат тайёрлаш учун эшикма-эшик овора бўлиб юришни ўйлаб, кўз олди қоронғулашди. Касалчилик қийин-да. Дори-дармон сотиб олавериб, оила моддий жиҳатдан танг аҳволга тушиб қолган. Шунинг учун Дилшода опа Р. Мансуровга бир миллион сўмга ишни бит¬казиб беришни айтиб, ялиниб-ёлворди.

— Ногиронлик нафақасига чиқиш ёши катталарга икки миллион сўм, — деди Р. Мансуров пинак бузмай. — Набирангиз ёш бола бўлгани учун бир миллион беш юз минг сўм берсангиз бўлади. Сиз яна пулни ўзига олади, деб ўйламанг. Мен сиздан олган пулни "Тиббиёт назорат комиссияси"дагиларга бераман. Шусиз иш битмайди...

Қисқаси, дўхтир билан бўлиб ўтган ана шу суҳбатдан сўнг Д. Таниқулованинг буткул боши қотди. Шифокор сўраган пулни берай деса, пулнинг ўзи йўқ. Бермай деса... Хуллас, опа ўйлай-ўйлай охири Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти туман бўлимига йўл олди.

Эртасига, яъни шу йилнинг 10 июль куни соат ўн бирларда туман тиббиёт бирлашмаси касалларни кўрикдан ўтказиш хонасида Р. Мансуров жабрланувчи Д. Таниқуловадан кимёвий ишлов берилган 1 миллион 500 минг сўмни фирибгарлик билан олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Ҳаром луқмадан ҳазар қилмаган бу кимса 1985 йилда Қизилтепа туманида туғилган. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Аслини олганда, Рауф Мансуров оқ кўнгиллик билан элга ҳалол хизмат қилиб, кўпнинг олқишига сазовор бўладиган шарафли касб эгаси эди.

Бу ҳақда бежизга фикр юритаётганимиз йўқ. Қизилтепа туманида эгнига оқ халат кийган шифокор мўмай пул топаман деб, ҳалол ишлаётган ҳамкасбларининг юзини ерга қаратди. У ҳузурига маслаҳат сўраб келган фуқаронинг дастлаб ишончига кирган. Сўнгра уни алдаб, пора тариқасида пул беришга далолат қилган. Охир-оқибат эса, у ўзи қазиган чоҳга ўзи тушди.

Афсуски, Р. Мансуров нафс қутқусига учиб, ўзини бадном қилди.

— Мен болалар психиатри лавозимида ишлаш билан бирга, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси "Тиббий назорат комиссияси" раисиман, — дейди ушбу жиноят ишини судда кўриш чоғида гувоҳ Ш. Муродов. — Комиссия уч нафар шифокордан иборат. Асосий вазифамиз болалардаги ногиронликни белгилаш ҳисобланади. Ногиронлик касаллиги бўйича соҳавий мутахассис шифокор беморнинг касаллик тарихи ва унга тегишли ҳужжатларни комиссияга тақдим қилиши керак. Беморнинг ўзи ҳам комиссия кўригига олиб келинади. Бу ерда у тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллиги бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 291-сонли буйруғи асосида ногиронликка лойиқ ёки лойиқ эмаслиги аниқланади.

Ҳақиқатан ҳам, "Тиббий назорат комиссияси"нинг Йўриқномасига асосан тиббий кўрик давомида беморнинг ногиронлиги аниқланса, унга мазкур комиссиянинг тиббий хулосаси берилади. Бемор ёки унинг қаровчиси тиббий хулосани туман нафақа жамғармасига тақдим этади.

Ана шу хулоса асосида беморга ҳар ойда ногиронлиги бўйича нафақа пули тўланади.

Судда "Тиббий назорат комиссияси" раиси Ш. Муродов ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатма беришича, Р. Мансуров ёш бемор Улуғбек Бекқуловнинг ўзини ҳам, ҳужжатларни ҳам комиссияга тақдим қилмаган. У муқаддам ҳам бирон марта беморнинг ногиронлиги бўйича тиббий хулосаси учун комиссия аъзоларига пул таклиф қилмаган.

Суд судланувчи Р. Мансуровнинг алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишга суиқасд қилиш ва пора беришга далолат қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в" банди билан нотўғри ва 28,211-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Бунинг боиси Жиноят кодексининг 25-моддасида қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилиши белгиланган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 1999 йил 6 апрелдаги "Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори 5-бандида ўзгалар мулкини талончилик ва ўғрилик билан эгаллаган ва айбдор бу мулкдан ўз хоҳишича фойдаланиш ёки уни ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Бунга алоҳида тўхталаётганимизнинг сабаби шундаки, Р. Мансуров Д. Таниқуловани алдаб, унинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан келишилган 1 миллион 500 минг сўмни ундан олган вақтда қўлга тушган. Яъни у бу пулларни тасарруф қилиш имкониятига эга бўлмаган.

Унинг бу қилмиши жиноят содир этишга суиқасд қилиш сифатида баҳоланади.

Бундан ташқари Р. Мансуров марказий поликлиникада травматолог-ортопед шифокор вазифасида фаолият юритган. У мансабдор шахс ҳисобланмайди ва унинг содир қилган қилмишини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в" банди билан малакалаб бўлмайди. Шу сабабли суд Р. Мансуровнинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисмига қайта ма¬лакалади.

Суд судланувчи Р. Мансуровга жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди бў¬либ, уларнинг ягона боқувчиси экани, ижобий тавсифлангани, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳамда уни кечиришини сўраб, судга қилган мурожаатини содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб эътироф этди. Суд Р. Мансуровга Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазоларини тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида, яъни 12 миллион 163 минг 800 сўм жарима жазоси белгилади.

Хулоса қилиб айтганда, фириб ва тама ҳеч қачон ҳеч кимга обрў келтирмайди. Шоҳиди бўлганингиз, халқ саломатлигини муҳофаза қилишдек ўта муқаддас касб эгаси фириб замиридаги тамагирлиги билан ўзини бадном эт¬гани афсус-надоматдан бошқа нарса эмас.

Фаррух ҚАҲҲОРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Конимех тумани судининг раиси
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Ёшларда эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби фазилатларни шакллантириш йўлида муҳим қадам

Байрам муносабати билан айрим кўчаларда ҳаракатланиш чекланади

Деҳқонободда 43 йилдан бери электр токисиз фаолият юритган мактаб аниқланди

Фахрий, Тохир Тохтасинов: ИИВ да турли лавозимларда хизмат қилдим, Меҳрибон, самимий одамларга кўп бора дуч келганман

expo
Боглиш маколалар