Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Адолат изланмоқда...Битта уйни икки кишига сотиб, уларни сарсон қилганларга жазо йўқми?
14-03-2019 10:27 0 4298 Рейтинг1 Чоп этиш

Адолат изланмоқда...Битта уйни икки кишига сотиб, уларни сарсон қилганларга жазо йўқми?

Адолат изланмоқда...Битта уйни икки кишига сотиб, уларни сарсон қилганларга жазо йўқми?

Самарқандда халқ банки битта хонадони (квартира)ни икки кишига сотиб, бир неча йил давомида ҳар иккаласининг ҳам сарсону овора бўлишига сабабчи бўлган. Фуқароларнинг биридан деярли 110 миллион сўм, иккинчисидан 103 миллион сўм олган. Уларнинг шикоятлари асосида турли суд инстанциялари турлича қарорлар чиқарган. Хўш, ҳақиқат қаерда? Битта квартира учун икки марта тўлов ундирганлар унинг биттасини расмийлаштирган бўлса, иккинчиси қаерга кетган? Бу масалани холисона кўриб чиқадиганлар, айбдорларнинг қилмишига қонуний баҳо берадиганлар борми ўзи?!

Дунёда қизиқ ишлар бўлиб тураркан-да! Уларнинг айримларини соғлом ақл билан тушуниб, мантиқ асосида англаб етиш қийин. Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олса, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, хонадонни ўз номига расмийлаштирса-ю бошқа киши бу жойга даъвогар бўлиб чиқса, бу ҳолатга қандай баҳо бериш мумкин?

Аслида, қонун талаблари асосида ва виждон билан ёндашилганда, бундай аҳвол юз бермас эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Битта квартирани банк икки фуқарога сотди. Нега Мажбурий ижро бюроси ва суд органлари бу хатонинг олдини олмасдан, уни янада чуруқлаштирди? Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Чунки тўққиз йил давомида иш юзасидан кўплаб ҳужжатлар йиғилган, бир неча марта суд мажлислари бўлиб ўтган. Лекин воқеа тафсилотига берилмасдан, уни оддий тил билан лўнда ва қисқа баён қилиб ўтай, ҳар кимнинг ўзи хулоса чиқарсин. Айниқса, юқорида турган назорат органлари ҳақиқат қаердалигини, кимлар айбдор эканлигини аниқлаб, уларни жазога тортса ва квартиранинг қонуний эгаси кимлигига ойдинлик киритса, адолат тантанасига ҳисса қўшган бўларди.

Воқеа тафсилоти қуйидагича. Фуқаро Шаҳноза Ҳамидова 2010 йилнинг 21 апрелида ДТ “Халқ банки” Самарқанд вилоят амалиёт бўлими билан тузган ипотека шартномаси асосида Бўстонсарой кўчаси 2-уй, 37-хонадонни сотиб олади ва ойма-ой ипотека суммасини тўлаб боради. Орада тўлов муддатини бир-икки ойга кечиктиргани сабабли банк кредит қарздорликни ундириш ва мулкка қаратиш бўйича даъво аризаси берган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2015 йил 24 июлдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори билан банкнинг даъвоси қаноатлантирилиб, 2010 йил 21 апрелдаги шартнома бекор қилинган. Низоли хонадон 2016 йилнинг 11 апрелида ўтказилган очиқ аукцион савдоси натижаси бўйича бошқа фуқаро – Умеджон Ўроқовга 109 млн 959 минг 320 сўмга сотиб юборилган.

Бу ҳақда Ш. Ҳамидованинг ўзи шундай дейди: “Менинг бу ҳолатдан умуман хабарим йўқ эди. Фақатгина суд ижрочилари келгандан кейин мен уй бошқа кишига сотилганлигидан хабар топдим. Мени на суд, на суд ижрочилари, на банк ходимлари огоҳлантирмаган”.

Ш. Ҳамидова суднинг сиртдан чиқарган ҳал қилув қарорини бекор қилинишини сўраб биринчи инстанция судига мурожаат қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2016 йил 20 октябрдаги ҳал қилув қарори билан сиртдан чиқарилган суд қарори бекор қилиниб, очиқ аукцион савдосининг баённомаси ҳақиқий эмас деб топилган эди. Ш.Ҳамидованинг уқитиришича, бу билан адолатли ва қонуний қарор қабул қилинган. У кредит қарздорлигини тўла қоплайди ва буни банк томонидан берилган хат ҳам тасдиқлайди.

Аслида бу ишга шу ерда нуқта қўйиш керак эмасдими? Ким уни қайта қўзғатишга сабабчи бўлди? Бунинг замирида кимнинг қанақа манфаати мавжуд? Ана шундай саволларга қийналиб жавоб қидара бошлаган пайтимда, ўз-ўзидан бошқа бир ҳақли савол юзага келди: Нега фуқаролар судларнинг чиқарган қарорларидан норози бўлиб, оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишади? Охирги йилларда одат тусига кириб улгурган бундай ҳолатга ким, қандай баҳо бера олади?

Яна Ш.Ҳамидовага қулоқ тутамиз: “Орадан икки йил ўтиб, яна менинг мулкий ва конституциявий ҳуқуқларим поймол этилган ҳолда мазкур низо қайтадан кассация тартибида мени хабардор қилмаган ҳолда кўриб чиқилди”. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2018 йил 2 августдаги ажрими асосида уни оила аъзолари билан яшаб турган Бўстонсарой кўчаси 2-уй, 37-хонадондан чиқариш ва у ерга даъвогар У.Ўроқовни киритиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Кассация ажрими қонунга хилоф равишда чиқарилганлиги, ўзининг ҳуқуқлари паймол этилганлиги учун уни бекор қилиниши ҳақида сўз юритиб, Ш.Ҳамидова қуйидагаларни таъкидлайди: “Ишни кассация тартибида кўрилишидан бехабар қолганман. Бу ҳақда хабар берувчи хат яшаб турган уйимга келмаган. Кассация суди менинг иштирокимсиз бир томонлама бўлиб ўтган. Бу билан Фуқаролик процессуал кодексининг 377-моддаси 2-банди қўпол равишда бузилган. Шуниси қизиқки, менга бевосита дахлдор бўлган суд мажлислари ва аукционлар менинг иштирокимсиз ўтказилмоқда, тегишли қарорлар чиқарилмоқда”.

ФПКнинг ўша моддасини топиб, у билан танишдим. 377-модда “Процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш” деб аталаркан. Унга кўра агар иш суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахслардан бирор-бири йўқлигида кўрилган бўлса, у вақтда ҳал қилув қарори, ажрим, қарор бекор қилиниши мумкин.

Ш.Ҳамидова кассация инстансиясининг ажримини бекор қилишни сўраб, 2018 йил 6 ноябрда Олий судга назорат тартибида шикоят йўллаган эди. Аммо Олий суд унинг шикояти бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топган.
Адолат изланмоқда...Битта уйни икки кишига сотиб, уларни сарсон қилганларга жазо йўқми?

Мана сизга аҳвол. Иш турли суд босқичларида турлича якун топган. Банк квартирани бошқа бировга сотгандан кейин ҳам бундан хабари бўлмаган Ш.Хамидовадан кредитни ёпиш учун деб пул олаверган. Энди Мажбурий ижро бюроси уни турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан уйдан чиқариб юбормоқчи. Ваҳоланки, юқорида таъкидланганидек, кредитни тўла ёпганидан кейин хонадон Ш.Хамидова номига расмийлаштирилди, уй дафтари очилиб, у оиласи билан рўйхатга киритилди. У хонадонни ҳадя шартномаси асосида қайнонаси Шамсия Аслиевага нотариал тартибда расмийлаштириб, ҳадя қилди.
Адолат изланмоқда...Битта уйни икки кишига сотиб, уларни сарсон қилганларга жазо йўқми?

Бу ёғи энди нима бўлади? Шаҳноза Ҳамидова унинг иши тегишли идораларда адолат юзасидан кўриб чиқилиши ва квартираси ўзига қайтарилишига ҳамда уни, оиласини саргардон қилганлар қонун олдида жавоб беришига умид билдирмоқда. Бундан ташқари, у катта сумма билан боғлиқ муммога ойдинлик киритилишини истайди.

“Умеджон Ўроқов биз яшаб турган квартира учун деярли 110 миллион сўм тўлаганини ва биз у ердан чиқиб кетишимиз кераклигини айтмоқда. Самарқанд шаҳар МИБ томонидан менинг ҳисоб рақамимга унинг 60 миллион сўми ўтказилган эди. Шундан банк менга мутлақо маълум бўлмаган қарз ва харажатларига деб 28 милиион сўмини олди. Қолган 32 миллион сўми ҳисоб рақамимда турибди. Бу пул менга керак эмас. Аммо У. Ўроқов тўлаган яна 50 миллион сўм нима бўлганлигини ҳеч ким билмайди. Аслида битта уй-жойни икки кишига сотиб, пулини олиш ва уни расмийлаштириш мумкинми?”, – дейди ҳайрат билан Ш. Ҳамидова.

Тўғри-да! Битта уй-жой учун икки нафар фуқародан пул олиб, уларнинг ҳар иккисини ҳам йиллар давомида судма-суд сарсон этилишига сабабчи бўлганлар шундай юраверадими? Бундайларнинг фаолиятига нега вақтида қонуний баҳо берилмайди? Бировларнинг сарфлаган асаби, маблағи, вақти, путур етган соғлиги учун жавобгарлик йўқми?
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Муаллиф туширган суратлар


Ҳозирда Самарканд шаҳар Бўстонсарой кўчаси 2-уй, 37-хонадон фуқаро Аслиева Шамсияга Самарқанд шаҳар 1-сонли ДНИнинг 11.05.2018 йилдаги реестр рақами №4-1618-сонли Ҳадя шартномасига асосан фуқаро Хамидова Шахноза Муйиновнадан ҳадя қилинган ва мулк сифатида қабул қилиб олинган. Мазкур хонадон “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси” Самарқанд шаҳар бўлими томонидан 13.06.2018 йилда 393-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, SA 01423938-сонли “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида”ги гувоҳнома берилган.

Бироқ, мазкур хонадон Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ФИБ Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 2 августдаги ажрими билан қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан қарздор Хамидова Шахноза Муйиновнани оила аъзолари билан Самарканд шаҳар Бўстонсарой кўчаси 2-уй, 37-хонадондан чиқариш, ундирувчи Уроков Умеджан Абдукаххоровични мазкур уй-жойга киритиш ҳақида ижро иши юритилмоқда. Лекин, ушбу хонадон ҳозирда фуқаро Ш. Аслиеванинг номига расмийлаштирилган бўлиб, эгалик, фойдаланиш ва тассарруф этиш ҳуқуқи билан унга тегишлидир.

Шу сабабли, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувидаги қарздор Хамидова Шахноза Муйиновнани оила аъзолари билан Самарканд шаҳар Бўстонсарой кўчаси 2-уй, 37-хонадондан чиқариш, ундирувчи Уроков Умеджан Абдукаххоровични мазкур уй-жойга киритиш ҳақидаги ижро иши бўйича қарздор ҳисобланган Ш.Хамидова мазкур уй-жой бўйича мулкдор эмаслиги, яъни ҳозирда мулкдор ўзгарганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни 37-моддаси 1-қисми, 2-бандидаги, яъни “муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини ижро этиш имконияти йўқолганда – деб белгиланган нормага асосан, мазкур ижро иши юритиш тегишли суд томонидан МИБнинг тақдимномасига асосан тугатилиши лозим.
Таҳририят
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Боглиш маколалар