Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги – глобал аҳамиятга эга масала бўлиб, уни таъминлаш миллионлаб инсонлар ҳаёти ва саломатлигини сақлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 600 миллиондан ортиқ одам (ҳар 10 кишидан биттаси) озиқ-овқатдан заҳарланиш оқибатида касалланади ва 420 минг киши вафот этади. Бу нафақат соғлиқ, балки иқтисодий йўқотишларга ҳам олиб келади.

Тез суръатлар билан ўзгараётган дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича янги муаммолар билан бирга, уни таъминлашнинг янги имкониятлари ҳам юзага келмоқда. Ушбу мураккаб шароитда барқарор ва юқори самарали озиқ-овқат назорати тизимларини жорий этиш стратегик аҳамият касб этади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати тизимини модернизация қилиш бўйича комплекс қонунчилик ва институционал ислоҳотларни изчил равишда амалга ошириб келмоқда.


Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ошириш, истеъмолчилар саломатлигини ҳимоя қилиш, мувозанатли ва сифатли овқатланиш имкониятларини таъминлаш ҳамда халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Санитария-епидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини кучайтириш ва савдосига кўмаклашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари назорати тизимини баҳолаш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича изчил тадбирларни бошлади.
8-10 апрел кунлари Тошкент шаҳрида лойиҳанинг кириш семинари ва техник тренинглари бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг вакиллари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди.
Лойиҳа доирасида қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилган:


- Далилларга асосланган кўп томонлама ёндашув орқали озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш.
- Ваколатли органлар ходимларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати бўйича билимларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда ушбу тизимни стратегик ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
«Озиқ-овқат маҳсулотлари назорати тизимини баҳолаш лойиҳаси мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини та’минлашнинг замонавий тизимини яратиш йўлида муҳим қадамдир,» — дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. «Ушбу лойиҳа хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг самарали усулларини аниқлашга ҳамда халқаро стандартларга асосланган тавсиялар ишлаб чиқишга ёрдам беради. Бу нафақат аҳолининг сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади, балки Ўзбекистон маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди.»
Хавфсиз бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли катта иқтисодий йўқотишларга олиб келади. Бундан ташқари, бундай маҳсулотлар экспорт имкониятларини чеклаб, ривожланаётган давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларининг глобаллашуви ҳамда ишлаб чиқариш ва тарқатиш занжирларининг мураккаблашуви озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ таҳдидларни ҳам кучайтиради. ФАОнинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва исте’молчиларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Мери Кенни Ўзбекистон Ҳукуматини сўнгги ютуқлар ҳамда Парламентда янги Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун муҳокамаларининг илгари сурилаётгани билан табриклаб, қуйидагиларни та’кидлади: “Озиқ-овқат назорати тизимини чуқур таҳлил қилиш ва амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги талаб ва чораларининг илмий ҳамда хавфга асосланган ёндашувларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Тизимда иштирок этувчи ҳар бир ваколатли органнинг роли ва масъулияти аниқ белгиланиши, давлат идоралари, хусусий сектор, илмий муассасалар ва академик доиралар ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.” - Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимини баҳолаш якунлари асосида Ўзбекистон учун миллий озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Ушбу ҳужжатлар мамлакатда замонавий ва барқарор озиқ-овқат назорати тизимини шакллантиришга асос бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳолининг соғлиғи ва фаровонлигини та’минлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш ва халқаро бозорларда ишончли ҳамкор сифатида Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.