Муҳтож оилаларининг иқтидорли фарзандларига олий таълим бириш, уларни замонавий касбларни ўрганишга йўналтириш оилани камбағалликдан чиқаришнинг энг мақбул йўли эканлигини чуқур англаган Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) раҳбарияти бу йўналишда муҳим қадам ташлади. “Темир дафтар”га киритилган оила фарзандлари учун Кореяда ўқишни давом эттириш имконияти яратилди.

Бу, шубҳасиз, “оч қолган инсонга балиқ берсанг, унинг бир кунлик қорнини тўйдирасан. Агар унга қармоқ бериб, балиқ овлашга ўргатсанг, уни бир умр очликдан қутқарасан” деган ҳикматли сўзларнинг амалда қўллаш намунасидир.
Камина маҳалла раиси сифатида яхши биламан: кейинги йилларда “Темир дафтар” ёки “Аёллар дафтари”дан чиқариш учун оилага бир марталик пул ёрдами кўрсатилди. Маблағ еб тугатилди, аммо аҳвол ижобий томонга ўзгармади. Ёки оилаларга сигир, товуқ сотиб олиб берилди, айримларига тикув машинаси тўҳфа қилинди. Аксарият ҳолларда сигир ва тикув машинаси сотилди, товуқлар ўлди. Хўш, бу йўл билан камбағалликдан нечта оила чиқарилди?
Ҳаёт шуни кўрсатдики, кам таъминланган оилага пул ёки бошқа турдаги моддий ёрдам бериш эмас, пул топишга имконият яратиб бериш лозим. Шунда фуқаро, унинг оиласи ўзини ўзи таъминлашга ўтади ва бундайлар жамияга ҳам, давлатга ҳам юк бўлмайди, ўз аравасини ўзи тортиб кетаверади.


Самарқанд халқаро технология университети бу борада ўта самарали йўлни танлади. Кам таъминланган оилалардан танлаб олган 5 нафар иқтидорли мактаб ўқувчисини Жанубий Корияда ўқишни давом эттириши учун тайёрлади. Бу ёшлар вилоят мактабларида таҳсил олаётган 30 дан ортиқ талабгор орасидан IQ (зеҳн тести) орқали танлаб олинди. Булар – юқори натижаларни қайд этган Мавлонбек Раббимов (Ургут тумани), Раббим Равшанов (Иштихон), Озодбек Йўлдошев (Оқдарё), Умрбек Йўлдошев (Каттақўрғон), Шоҳимардон Шарофов (Ургут). Улар SIUT Васийлик кенгаши раиси Б.Фозиловнинг махсус грантига сазовор бўлдилар. Танлаб олинган беш нафар ўқувчи учун 2024 йилнинг июл ойидан 2025 йилнинг февралига қадар Самарқанд халқаро технология университетида математика, корейс ва инглиз тиллари бўйича махсус бепул тайёрлов дастури ташкил этилди ҳамда грант доирасида уларнинг яшаши ва моддий таъминоти тўлиқ қопланди.
SIUT да таҳсил олган беш ўқувчидан уч нафари 27 феврал куни Жанубий Кореяга жўнаб кетди ва 1 мартдан бошлаб «Gimcheon High School” мактабида ўқишни бошлаб юборишди. Қолган икки нафар ўқувчи эса сентябр ойидан бу мактабга бориб ўқийди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 14 феврал куни ёшлар билан ўтказган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган эзгу ғояларнинг амалий ифодасидир. Мулоқотда юртбошимиз камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим эканлигига алоҳида урғу бериб, жумладан шундай деган эди: “Кам таъминланган оилада ҳеч бўлмаганда битта фарзанд олий маълумотли бўлиши зарур”.
SIUT ректори профессор Юсуф Абдуллаевнинг таъкидлашича, Камбағалликни қисқартириш бўйича Давлат дастури ижросини таъминлашга амалий ёрдам кўраситиш мақсадида университет 2024 йилнинг 13 май куни «Gimcheon High School” билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Унга кўра иқтидорли мактаб ўқувчилари танлаб олиниб, махсус таёргарликдан сўнг Жанубий Кореяга юборилади ва улар мактаб дастури доирасида шу ерда уч йил ўқишади. Мактабни битиргач, Жанубий Кореядаги нуфузли олийгоҳларда ёки жаҳоннинг етакчи ОТМларда таҳсил олиш имкониятига эга бўлишади.
Ўқиш ва хорижда яшаш билан боғлиқ харажатларни Корея томони ўз зиммасига олган. Фақат бугина эмас. “Биз билан суҳбатда “Gimcheon High School” мактаб директори ўқишга қабул қилган ўқувчилар ота-оналарини ҳам Кореяга таклиф қилишини ва улар иш билан таъминланишини уқтирди”, – дейди профессор Ю.Абдуллаев. Мана бу кам таъминланган оила аъзоларини ишга жалб қилишнинг, улар фарзандига олий маълумот бериш орқали юқори малакали мутахассис қилиб тарбиялаш, келажагини яратиши учун оилага “қармоқ бериш” намунаси эмасми?! Бундай таълим муассасаси ва унинг раҳбарини қанча эъзозласак, шунча оз! Шундай эмасми?
Ушбу янгиликдан хабардор бўлган Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев SIUT ректори профессор Юсуф Абдуллаев бошчилигидаги университет раҳбарияти ҳамда “Gimcheon High School”нинг вилоятда бўлиб турган делегация вакиллари ва ушбу мактабда ўқишни давом эттирадиган ўқувчилар билан учрашув ўтказди.
SIUT ахборот хизмати хабарига кўра, мулоқот чоғида вилоят раҳбарига Самарқанд халқаро технология университети ҳамда «Gimcheon High School” мактаби ўртасидаги келишувнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилган.
“Ўзбекистон ва Корея халқларини қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Таълим соҳасидаги бугунги ҳамкорлик эса ҳар икки мамлакат учун манфаатлидир. Бу каби амалий ҳаракатларни биргаликда янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш йўлида ҳамкорлик қилишдан доимо мамнунмиз”, – дея таъкидлаган Адиз Бобоев.
“Ушбу дастур орқали ўқувчилар Жанубий Кореяда сифатли таълим олиш имконига эга бўлишмоқда. Биз самарқандлик ёшларни қабул қилишга доим тайёрмиз”, – деган Gimcheon High School” мактаби директори ўринбосари Lee Seung-min.
Шунингдек, SIUT ректори профессор Юсуф Абдуллаев бу анъана давом эттирилишини ҳамда вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бу йил ҳам май ойида саралаш босқичлари ўтказилишини қайд этган.
Уқтирилишича, учрашув якунида 5 нафар ўқувчига вилоят ҳокими томонидан расмий сертификатлар топширилган.
Ушбу ташаббус ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, кенг ёйилиши керак. Чунки у нафақат алоҳида оила равнақига хизмат қилади, балки мамлакатимиз тараққиёти учун кенг имкониятлар эшигини ҳам очади.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз