ФАО Бош директори ўринбосари Виорел Гуту ФАОнинг Будапештдаги минтақавий ваколатхонасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Делегация таркибидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар бўйича агентлик вакили Улуғбек Хусаинов, Президент администрацияси вакиллари Обиджон Хуррамов ҳамда Азамат Курултаев ўрин олди.

Учрашувда ФАО Бош директори ўринбосари делегация а’золарини ташкилотнинг Ўзбекистондаги иштирокини мустаҳкамлаш билан боғлиқ кутилаётган ўзгаришлар ҳақида ма’лумот берди. Режалар мамлакатимиздаги ваколатхонани кенгайтириш ҳамда асосий манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришни ўз ичига олади. Учрашув давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Кавказ минтақавий балиқчилик ва аквакултура комиссиясига (CАCФиш) аъзолиги ва ресурсларни сафарбар қилиш бўйича Техник ҳамкорлик дастуридан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича делегация аъзолари БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (ФАО) ташкилотига 2025-йил апрел ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган иқлим ўзгариши бўйича халқаро тадбирда иштирок этишни таклиф қилди.
Шу билан бирга, делегация Венгрия университети қошидаги Балиқчилик ва аквакултура илмий маркази (ҲАКИ) вакиллари билан ҳам учрашди. Марказ томонидан илмий тадқиқот муассасаси раҳбари доктор Гёрге Гялог ва балиқ биологияси бўлими бошлиғи, карпсимон ва осётрсимон балиқлар ген банклари бошлиғи Гюла Коваcс иштирок этди. Музокаралар 2023-йил октабр ойида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети қошидаги Балиқчилик ва сув хўжалиги илмий-тадқиқот маркази ўртасида имзоланган кўп томонлама англашув меморандуми доирасида бўлиб ўтди.
“ФАО ва ҲАКИ каби институтлар билан самарали ҳамкорлик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Иқлимга мослашиш, балиқчиликни бошқаришни такомиллаштириш ва аквакултурани ривожлантириш бўйича ташаббуслар бизга саноат учун янада барқарор ва самарали келажак қуришга ёрдам беради” – дея қайд этди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари.