Маълумки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» (FOLUR) лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа Глобал экологик жамғорма (GEF) томонидан молиялаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.
![](https://nuz.uz/uz/wp-content/smush-webp/2025/02/photo_2025-02-13_09-55-31-1024x682.jpg.webp)
Лойиҳа доирасида танлаб олинган вилоятлардаги шахсий томорқа ер эгаларига турли амалий ёрдам бериб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган ФАОнинг ушбу лойиҳа бенефициар ҳамкори Генжемурат Турдимуратовга ҳам ўз даромадини ошириши учун турли инновацион технологиялар, шу жумладан замонавий иссиқхона қуриш, томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш, биогумус ишлаб чиқариш ва юқори репродукцияли уруғлар билан таъминлаш бўйича ёрдам кўрсатилмоқда. Бугунги кунда у ўз тажрибасини бошқа томорқа ер эгалари билан ўртоқлашиб, уларга ҳам юқори даромад олиш йўлларини ўргатиб келмоқда.
Бугун ҳам ФАОтомонидан Қорақалпоғистоннинг Қораўзак ва Беруний туманларида туман ҳокимлиги ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда томорқа хўжаликлари эгалари учун кичик иссиқхоналарда гул ва сабзавот экинларини етиштириш бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда деҳқончиликда замонавий усуллардан фойдаланишга бағишланган семинар-тренинг давомида туманнинг турли ҳудудлари аҳоли томорқа ер майдонларига иссиқхона ташкил этиш ва етиштирган экиндан юқори ҳосил олиб, қўшимча даромад олиш сирлари тўғрисида ФАО мутахассислари илмий тушунчалар бериб ўтишди. Шунингдек, мутахассислар томорқалардан самарали фойдаланишда экинлар хилма-хиллигини жорий этишнинг аҳамияти, гулчилик учун иссиқхоналарни тайёрлаш ва асосий турдаги гул кўчатларини етиштириш усуллари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Алоҳида эътибор гул кўчатларини зараркунанда ва касалликларига қарши курашда кимёвий, биологик ва табиий усуллардан фойдаланиш масалаларига қаратилди.
![](https://nuz.uz/uz/wp-content/smush-webp/2025/02/photo_2025-02-13_09-55-43-1024x576.jpg.webp)
![](https://nuz.uz/uz/wp-content/uploads/2025/02/photo_2025-02-13_09-55-43-1024x576.jpg)
«Бугунги семинарда биз асосан виола ва тагетес гулларини етиштириш технологиясига алоҳида эътибор қаратдик,» — дейди ФАО лойиҳасининг миллий координатори Азиз Нурбеков. «Бу гуллар нафақат манзарали, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. 100 метр квадратли иссиқхонада гуллар тўғри парваришланса 2.5 минг дона кўчат етиштириш, мавсум давомида эса 3-4 марта ҳосил олиш имконияти пайдо бўлишини инобатга олсак Виола гулининг бир тупи 5-7 минг сўмдан сотилганда бир йил давомида битта иссиқхонадан 45 млндан 60 млнгача даромад олиш мумкин. Бундай семинар—тренинглар орқали аҳолига замонавий гулчилик технологияларини ўргатиш, уларнинг даромадини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ёрдам бериш – бизнинг асосий мақсадимиз.»
Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак ва Беруний туманларида гулчилик билан шуғулланувчи хотин-қизларга тадбир давомида «Аёлларнинг иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорликдаги ўрни: Гендер тенглиги ва барқарор ривожланиш» мавзусида ҳам тренинг ўтказилди. Тренингнинг асосий мақсади хотин-қизларнинг гендер масалалари бўйича хабардорлигини ошириш, ўз ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилувчи қонунлар ҳақида ҳабардорликни оширишдан иборат. Тадбир давомида аёлларнинг ҳуқуқлари, уларни ҳимоя қилувчи қонунлар ва мавжуд имкониятлар, гендер зўравонлик турлари ва унинг олдини олиш усуллари, гендер стереотиплар ва гендер тенглиги тушунчаси ҳамда унинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.