Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ижтимоий ёрдамлар ва моддий қўллаб-қувватлаш тизими қайта кўриб чиқилади. Янги тартиблар асосида камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар ва эҳтиёжманд шахсларга манзилли ёрдам тақдим этилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш орқали ёрдам бериш жараёнини янада шаффофлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги ислоҳотлар доирасида «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ёрдамлар кенгайтирилди. Энди уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш билан боғлиқ ижтимоий ёрдамлар ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилаларга ҳам берилди. Бундан ташқари, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларидан ажратиладиган маблағларни маданий-маърифий, спорт ва таълим тадбирларини ташкил этишга йўналтиришга рухсат этилди.
Ижтимоий ёрдамларни тақдим этиш жараёнини соддалаштириш мақсадида, камбағал оилалар реестридаги шахслар учун қўшимча ариза бериш талаби бекор қилинди. Энди барча мурожаатлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали кўриб чиқилади. Оиланинг молиявий ҳолати эса идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик равишда баҳоланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб камбағал оилалар учун бир қатор субсидия ва моддий ёрдамлар жорий қилинади. Ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БҲМнинг 60 бараваригача грантлар ажратилади. Ногиронлиги бўлган ёшлар учун параспорт тўгаракларига қатнаши учун йўл ҳақи харажатлари қоплаб берилади. Шунингдек, 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ёки санъат тўгаракларига қатнаган ёшлар махсус спорт кийимлари, мусиқа ёки чолғу асбоблари билан таъминланади.
Табиий офатлардан жабрланган оилалар учун ҳам қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали БҲМнинг 150 бараваригача маблағ ажратилиши белгиланган. Шунингдек, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида сув таъминотини яхшилаш мақсадида артезиан қудуқ қазиш, сув насослари ва ичимлик сув фильтрларини харид қилиш учун субсидия тақдим этилади. Бунда харажатларнинг 90 фоизи давлат томонидан қопланади.
Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга ҳам бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. 2025 йил 1 майдан бошлаб бундай шахсларга БҲМнинг 6 баравари миқдорида нафақа тўланади. Шунингдек, ҳудудий ҳокимликлар ҳузурида «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармалари ташкил этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга янада кенгроқ кўмак беришга хизмат қилади.
Ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш доирасида тиббий хизматлар ҳам янги форматда молиялаштирилади. 2025 йил 1 майдан бошлаб даволаш ва жарроҳлик харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қопланиши белгиланган. Бу ўзгаришлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига тиббий ёрдамни самарали ва тезкор тақдим этишга йўналтирилган.
Ушбу ислоҳотлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясида шаффофлик ва адолатни таъминлашга қаратилган. Барча ёрдамлар автоматлаштирилган тартибда тақдим этилиши, ресурслар манзилли йўналтирилиши ва кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсад қилинган. Янги чора-тадбирлар натижасида ижтимоий ҳимоянинг янада самарали ва кенг қамровли бўлиши кутилмоқда.