Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи 2021 йилга нисбатан АИ-80 русумли автобензиннинг кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 2200 тоннадан 2800 тоннага, суюлтирилган газни эса 14 532 тоннадан 15 700 тоннага оширмоқда.
Мамлакатимиз истеъмолчиларини АИ-80 русумли автобензин ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Бухоро НҚИЗда корхона ва ишлаб чиқариш цехлари раҳбарларидан тезкор штаб тузилди.
Корхонада товар бензинлари ва суюлтирилган углеводород гази ишлаб чиқарилишини оширишга қаратилган ишлар тезкорлик билан амалга оширилмоқда. Бензин ишлаб чиқариш қурилмаси лойиҳа қувватини 100 фоиздан 115 фоизга оширди.
Ўз навбатида республикамиз ички бозорида нефть-газ маҳсулотларига ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида ишлаб чиқарилган суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш нафақат темир йўл вагонлари, балки юк ташувчи автоцистерналарда ҳам амалга оширилмоқда.
Мақсад истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва зарур захираларни шакллантиришдан иборат.