33.7 C
Узбекистан
Суббота, 12 июля, 2025

Маҳалла ислоҳоти бўйича айрим таклифлар

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,660участниковПодписаться
- Advertisement -

Мамлакатимизда маҳалла тизимига эътибор кучайиб, уни халққа янада яқинлаштириш йўлида қатор амалий ишлар қилинаётганлигини эътироф этиш билан бир қаторда соҳада ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини ҳам тан олиш лозим. Маҳаллани қуйи поғонадаги халқпарвар тузилмага айлантириш масаласи кун тартибида турганлиги боис бироз аввалроқ маҳалла раисларидан иккитадан таклиф билдириш сўралган эди.

Камина иккита таклифни маҳалла ушмасига юбордим. Аамо таклифлар кўплиги учун улардан айримлари билан ўртоқлашишни лозим топдим.

Биринчи таклиф. Кейинги пайтларда маҳалла ваколати кенгайтирилиши муносабати билан маҳалла раисларининг иш юкламаси кескин ошди. Маҳаллага яна янги ваколатлар берилиши айтилмоқда. Бундай шароитда маҳалла раиси фақат тепадан тушган топшириқларни бажариш ва “маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштириш билан банд бўлиб қолади. Маҳалла аҳолиси билан ишлаш, уларни қабул қилиш, муаммоларини ечиш учун деярли вақти қолмайди. Шунингдек, маҳалла раиси маҳалладаги тўй-маъракаларни ташкил қилишда қатнашмаса, айниқса жаноза маросимида бўлмаса, аҳоли кўз олдида бундай раиснинг обрўйи тушиб кетади.

Маҳалла раисининг маҳалла аҳолисига гапи ўтиши, аҳолини бирлаштириб, фойдали ишларга йўналтириши унинг обрўйига, фуқаролар орасидаги имиджига боғлиқ. Агар маҳалла раиси етали обрўйга эга бўлмаса, маҳаллада ҳеч бир ишни ташкил қила олмайди. Шуларни ҳисобга олиб,  маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси штатини қисқартириш ҳисобига маҳалла раиси ўринбосари лавозимини жорий этиш керак деб ҳисоблайман.

Ёки ҳоким ёрдамчиси алоҳида институт ва, бошқа томондан, кейинги пайтларда ижтимоий ходим ва маҳалла банкири лавозимлари жорий этилиши билан унинг иш юкламаси камайганлиги муносабати билан маҳалла раиси ўринбосари бажарадиган вазифаларни унга юклаш мумкин. (Авваллари ҳоким ёрдамчиси бажарган вазифаларниг каттагина қисми маҳалла банкирига ўтди). Янги лавозимни “маҳалла раиси ўринбосари” деб номлаш ва тўла маҳалла уюшмаси ихтиёрига ўтказиш лозим.

Шундай қилиб, маҳалла раиси маҳалланинг ички тартиб-интизомига масъул бўлган ҳолда,  маҳалладаги осойишталик, тотувликни сақлашга, ҳудуд ободлигига жавоб берса, одамларнинг дарду таклифини эшитиб, муаммоларига ечим топса, маҳалла раиси ўринбосари бевосита ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлайди, улардан келган топшириқларни бажаради.

Иккинчи таклиф. Барча маҳалла раислари ва маҳалла ходимларини қийнаб келаётган масала, бу котиба ёки иш юритувчи лавозими йўқлигидир. Дунёда ушбу лавозим бўлмаган бирорта корхона, ташкилот ёки идора топилмаса керак. Ушбу лавозимга тайинланадиганлар учун маблағни ҳоким ёрдамчилари ўрнига маҳалла раиси ўринбосари лавозими жорий этилгач, уларнинг ҳозирги “отнинг калласидек” бўлган ойлик маошларини қисқартириш орқали топиш мумкин.

Учинчи таклиф. Афсуски, шу вақтгача маҳалла раисларининг аниқ статуси ишлаб чиқилмаган. Қонуну қарорлар билан уларга бириктирилган вазифалар кўрсатиб ўтилган. Аммо жойларда маҳаллий ҳокимликлар уларни хоҳлаган ишига жалб қилмоқда, ўзи истаган ўйинга ўйнатмоқда. Худди маориф ва соғликни сақлаш ходимларидек уларни ортиқча юкламалардан озод қилиш зарур.

Маҳалла раиси статусини янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунда мустаҳкамлаш лозим, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбари янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини  2024 йилнинг 1 мартигача ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берган эди. Аммо ҳозиргача лойиҳадан дарак йўқ.

Тўртинчи таклиф. Мавжуд тартиб бўйича “маҳалла еттилиги” аъзолари маҳалла раисига бўйсиниб, бир ёқадан бош чиқариган ҳолда ишлаши лозим. Аммо амалда ҳар бир ходимнинг ўз бошлиғи бор. Ходим улар олдида масъул. Маҳалла раиси ҳодимларнинг ишга келиб-кетиши ҳақида табель тўлдиради, ишга келмаганлар тўғристида  ташкилот раҳбарига билдирги юборади. Аммо булар эътиборсиз қолади. Натижада бундан маҳалладаги умумий иш кўнгилдагидек бажарилмайди. Шу сабабли маҳалла раиси тўлдирган табель инобатга олиниши ва ўз вақтида, яъни графикда кўрсатилган муддат давомида иш жойи – маҳаллада бўлмаган ходимга нисбатан чора кўриш зарур.

Бешинчи таклиф. Кейинги пайтларда маҳаллага ким келиб кетаётганлиги, кимлар доимий ва вақтинчалик  рўйхатдан  ўтганлиги  тўғрисида тезкор маълумот олишга имкон бўлмай қолди. Вақт ўтиб, хатловга чиққандагина бундан хабар топиш мумкин. Шу сабабли маҳалла платформасига  паспорт столини интеграция  қилиш зарур деган таклиф ўртага ташланмоқда. Шунингдек,  солиқ идораси орқали ижара шартномасини расмийлаштириб, ижрада яшаётган фуқаролар  тўғрисидаги  маълумотлар ҳам маҳалланинг  платформасида  кўриниб  туриши мақсадга мувофиқдир. 

Олтинчи таклиф. Маҳалла банкири ҳозирда асосан кредит бериш билан шуғулланмоқда. Маҳалла банкири ишининг самарадорлигини ошириш учун унга маҳалла аҳолисининг банк билан боғлиқ барча хизматларини юклаш керакдир.

Еттинчи таклиф. Кейинги ойларда айрим маҳалларадаги хотин-кизлар фаоли штати қисқартирилиб, иккита маҳаллага битта шундай лавозим жорий этилди. Маблағ иқтисодини ўйлаб қилинган бу ўзгариш ўзини оқламайди. Чунки хотин-кизлар фаоли маҳалладаги ҳар бир оилани билиши, улардаги хотин-қизлар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмоғи лозим. У  бошқа маҳалладаги вазиятдан, оилалардаги аҳволдан хабардор бўлмаса, уни аҳоли танимаса, қандай қилиб бу масъул ўз ишида ижобий натижага эришиши мумкин? Ҳар бир маҳлланинг ўз хотин-қизлар фаоли бўлганидагина, унинг ишида самара бўлиши мумкин.

Саккизинчи таклиф. “Маҳалла” газетаси маҳалла ходимлари учун керак. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Газета тезкорлик билан тизимдаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида ўқувчиларни хабардор қилмоқда. Фақат газета обуначилар манзилига етказиб берилмаётганлиги чатоқ. Уни туман ёки шаҳар маҳалла уюшмаларига олиб келишади. Қайси маҳалла вакили уюшмага борса, газета эсига келса, уни олади. Бошқа вақт газета сонлари тўпланиб, уюшмада қолиб кетади.

Негадир газета таҳририяти газетани манзилга етказиб берадиган корхоналар билан шартнома тузишни ўйламайди. Маҳаллалар обуна бўлса, таҳририятга маблағ тушса деб ишни ташкил этиш нотўғри эмасми? Бу масалада олдинги йиллар ҳам бир нечса марта чиқишлар қилган эдим, таҳририят раҳбарлари билан гаплпшдим. Аммо ўзгариш йўқ.

Умуман олганда, маҳалла тизимини ислоҳ қилиш бўйича “пастда”,  тизимнинг дастлабки бўғинида фаолият юритаётганлар, яъни маҳалла раислари ҳар куни дуч келаётган муаммолар бўйича таклифларни ўртага ташламоқда. “Тепада” ушбу таклифлар таҳлил этилган ҳолда, тизим ривожига асос бўла оладиганлари қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар Боғимайдон МФЙ раиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Иккиламчи бозорда ёнилғида ҳаракатланувчи автомобиллар нархи кўтарила бошлаган бўлса, электромобиллар нархи пасаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан 2025-йилнинг июнь ойида иккиламчи бозорда автомобиллар нархининг...

Больше похожих статей

×