Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2019 — 2024 йилларда сархил мева-сабзавотлар экспортининг географик диверсификация индексини ҳисоблаб чиқди.

Олинган натижаларга кўра, таҳлил этилаётган бутун давр мобайнида экспортнинг ўртача даражадаги географик диверсификацияси кузатилган.
Экспортнинг географик диверсификация индекси Херфиндал-Хиршман концентрация индексига (HHI) тескари бўлиб, (1-HHI) формула асосида ҳисобланган. Диверсификация даражаси қуйидаги 3 гуруҳга бўлинади:
- юқори (0,850 -1,000);
- ўртача (0,750-0,850);
- паст (0-0,750).
2024-йилда Ўзбекистондан сархили сабзавот ва меваларни импорт қилувчи мамлакатлар сони 73 тага етди (2019-йилда 68 та эди).
Экспорт йўналишларининг умумий сони ҳар йили 60 дан ортиқ мамлакатни ташкил этишига қарамай, 2019 — 2024 йиллар оралиғида Ўзбекистондан сархил мева ва сабзавотларни энг кўп импорт қилувчи 5 та мамлакат улуши жуда юқори, аниқроғи 78,4 фоиздан (2019-йилда) 83,8 фоизгача (2022-йил) бўлган.
2024-йилдаги энг яхши 5 та йўналиш:
- Россия – 38,7 фоиз;
- Покистон – 13,5 фоиз;
- Қозоғистон – 12,6 фоиз;
- Хитой – 8,9 фоиз;
- Афғонистон – 8,0 фоиз.
Географик ҳудудлар кесимида экспорт йўналишлари таркибидаги ўзгаришлар аста-секинлик билан кечмоқда. Ўзбекистондан сархил мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажмида МДҲ мамлакатларининг улуши 2019-йилдаги 69,4 фоиздан 2024-йилда 57,7 фоизгача пасайган бўлса-да, ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда.
Европа Иттифоқи мамлакатларига сархил сабзавот ва мевалар экспорти улуши, аксинча, 2019-йилдаги 2,1 фоиздан 2024-йилда 2,4 фоизгача ошган.