5.8 C
Узбекистан
Пятница, 15 ноября, 2024

«Персонални бошқариш» сирлари (тақриз ўрнига)

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,040участниковПодписаться
- Advertisement -

Хозирги шиддатли замонда техника-технологияларнинг ва ахборот соҳасининг тезкор ривожланиши инсон тафаккури, руҳияти, онги, дунёқарашига катта босим ўтказмоқда. Бу ҳол, албатта, инсоннинг шахсий ҳаётида, ижтимоий фаолияти ва ўз касбий иши жараёнидаги ҳаракатлари, ўзини тутиши, интилишларида ўз аксини топади. Бинобарин, шундай босим остида яшаётган замонавий инсонларнинг корхона-ташкилотнинг ягона ишлаб чиқариш мақсадига эришиш йўлида яҳлит бир жамоа бўлиб самарали ишлашини таъминлаш долзарб вазифага айланган.

Бундай шароитда, бир томондан, корхона-ташкилотнинг мақсадларига эришиш, иккинчи томондан, унинг ходимларининг ўз касбий фаолиятидан қониқиш ҳиссиёти билан, ҳамкасблари, бошлиқлари ва бойсунунвидаги ходимлар билан ҳамжихатликда, яхши, қулай, ишчанлик, илиқ психологик муҳитда ишлашини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида бунга эришиш ва ташкилотда бундай муҳитни шакллантириш учун кадрлар, ходимлар, ишчиларни – персонални бошқариш қоидалари, усуллари, қонуниятларини билиш ва амалда қўллаш кўникмаларига эга бўлиш талаб этилади.

Айни шу талабдан келиб чиқиб, таниқли педагог-олим, психология фанлари доктори, Москва давлат университети профессори Т.Ю.Базаровнинг “Персонални бошқариш” китобида замонавий ташкилот персоналини бошқариш масалалари ёритилган.

Таъкидлаш керакки, китоб рус тилида Россиянинг “Академия” нашриёт маркази томонидан дастлаб 2006 йилда нашр этилиб, кейинчалик 2015, 2017 йилларда замон янгиликларини ҳисобга олиниб, қайта ишланган ҳолда нашр этилган ва Россия Федерал давлат таълим стандартига мувофиқ олий ва ўрта профессионал таълим муассалалри учун дарслик сифатида тавсия қилинган.

Шубҳасиз, китобнинг ўзбек тилида нашр этилиши мамлакатимиз таълим соҳасини давлат тилида ёзилган замонавий ўқув адабиётлари билан таминлашдаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.

Дарсликда ташкилот ҳаёти циклининг ҳар бир босқичида ходимларни бошқаришнинг ўзига хос жиҳатлари ёритилган. Замонавий корхоналарнинг ташкилий маданияти турларига алоҳида эътибор берилади. Ходимлар сонини режалаштириш, танлов асосида ишга қабул қилиш, меҳнатни баҳолаш ва аттестациядан ўтказиш, кадрлар захирасини шакллантириш, меҳнатни рағбатлантириш, шунингдек, инқироз шароитида ходимларни бошқариш хусусиятлари кўриб чиқилган.

Дарслик олтита боб, иловалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлиб, унинг тузилиши мавзунинг илмий мазмуни ва амалий жиҳатларининг қатъий мантиқий боғлиқликда акс эттиради.

“Персонални бошқаришнинг ташкилий контексти” деб номланган 1-бобда муаллиф, соҳа олимларининг тадқиқотлари натижаларини таҳлил қилган ҳолда, ўз нуқтаи назаридан, персонални бошқаришдаги асосий ёндошувларни (иқтисодий, органик, гуманистик ёндошувлар) ёритиб, “ташкилот феномени”, “ташкилот элементлари”ни (мақсад, тузилма, технология, молия, бошқарув, персонал) таърифлайди. Ташкилотнинг ҳаёт циқлини (даврини) муаллиф тўртда – шаклланиш даври, интенсив ўсиш даври, барқарорлашиш даври, инқироз даврига ажратади ва ҳар бир босқичда персонални бошқаришда кечадиган ўзига ҳос объектив жараёнларни ёритади. Бунда, муаллифнинг таъкидлашича, сўнги давр – инқироз даври, фақат ташкилотнинг “ўлими”, йўқ бўлиб кетишини англатмайди, албатта. Зеро бу давр ташкилотнинг замон талабларига, ташқи муҳитга мос равишда ўзгариши ва қайта тикланишини ҳам англатиши мумкин.

1-бобнинг охирги қисмида жахон бозорида мувофаққиятли фаолият юритаётган корпорациялар тажрибасидан келиб чиқиб, ташкилотнинг персонал бўйича менеджерининг функциялари, унга қўйиладиган касбий талаблар, менеджерлик фаолиятининг асосий компонентлари батафсил ёритилган, малакали менеджернинг сифат тавсифлари таърифланган.

Дарсликнинг кейинги тўрта бобида (2-5-боблар) кетма-кетлик билан ташкилот ҳаёти циклининг ҳар бир босқичида персонални бошқаришнинг асосий масалалари баён этилган. Бунда ҳар бир босқичга алоҳида боб бағишланган.

Ташкилот хаётининг биринчи – шаклланиш босқичига бағишланган 2-бобда ташкилотнинг кадрлар стратегиясини шакллантириш, кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисоблаш, номзодларни баҳолаш мезонлари ва компетентлик моделларини ишлаб чиқиш масалалари ёритилган. Бунда, мувафаққият билан фаолият юритиши учун компания ўз менеджерларидан, нафакат юқори малака ва содиқликни, балки ташаббускор тадбиркорликни ҳам талаб қилиши кераклиги, менеджернинг зарур касбий сифатлари қаторида тинимсиз меҳнат ва узлуксиз таълим, бошқалар фикрини эшитишга тайёр бўлишлик, ходимларни тўғри тақсимлаш ва адолатли санкциялар ёрдамида улар имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш каби сифатлар бўлиши асослаб берилган.

Дарсликнинг 3-боби ташкилотнинг интенсив ўсиш босқичида персонални бошқариш масалалари ёритилган. Бунда соҳа олимларининг тадқиқотлари ва йириқ компаниялар тажрибасига таянган ҳолда персонални бошқариш тузилмаларининг схемалари, кадрларни танлаш ва жалб қилишнинг ички ва ташқи манбалари, босқичлари, персонални баҳолаш усуллари (тестлаш, интервью) баён этилган. Бунда ишга қабул қилишни танлов асосида ташкил қилиш тартиби батафсил кўриб чиқилган.

Албатта, ташкилот учун янги ходимларнинг ижодий потенциалини ишга тушуриш муҳим. Бунинг учун эса янги ходимларнинг ташкилот ҳаётига мослашувига эътибор қаратиш лозим. Шундан келиб чиқиб дарсликнинг ушбу бобида мослашув босқичлари ва мослашув жараёнида раҳбар ва менеджерларнинг ўртасида мажбуриятларнинг тақсимланиши кўрсатилган.

Дарсликнинг хажм бўйича энг катта бўлган 4-боби ташкилот барқарор фаолият кўрсатиши босқичида персонални бошқариш масалаларига бағишланган бўлиб, узоқ муддат барқарор фаолият юритиш учун амалий жиҳатдан жуда муҳим бўлган меҳнат унумдорлигини баҳолаш, меҳнатни рағбатлантириш, персонални аттестациядан ўтказиш ва узлуксиз таълим олишини таъминлаш, кадрлар захирасини шакллантириш, персоналнинг лавозим бўйича ўсиши – карьерасини режалаштириш масалалари ёритилган. Бунда соҳанинг Ж.Холанд, Е.Молл каби йирик тадқиқодчиларининг касбий фаолиятнинг танланишига қараб шахс типологияси, карьеранинг турлари ва босқичлари бўйича илмий изланишлари натижалари келтирилган, персоналнинг анъанавий ва интеграциялашган таълими қиёсий таҳлил қилинган, ўқитиш шакл ва услублари баён этилган.

Дарслик ушбу бобининг охирги қисмида ташкилот ходимларини иш хақи олиши, даромад тақсимотида иштирок этиши, ижтимоий дастурларда қатнашиши ва бошқа ноанъанавий усулллар билан мотивациялаш масалалари қизиқарли тарзда баён этилган, иқтисодиёти ривожланган давлатларда персонални бошқариш жараёнида қўлланиладиган KPI (инглизча: key performance indicators – самарадорликни асосий кўрсаткичлари тушунчаси очиб берилган.

Замонавий бозор иқтисодиёти шароити ва рақобат муҳитида ташкилот ўз ривожланишида ички ўзгаришларга мухтож бўлиб, инқироз даврини бошдан кечириши табиий ҳолдир. Бу даврда ташкилот ривожи икки хил бўлиши мумкин: ташкилот фаолияти барбод бўлиши ёки қийинчиликлар мувафаққиятли енгиб ўтилиши. Дарсликнинг 5-бобида ташкилот инқироз ҳолатида бўлганда персонални бошқариш масалалари бундай ҳолатни мувафаққиятли енгиб ўтиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилган. Бунда инқирозли ташкилотда юзага келадиган низолар характери, рационал кадрлар сиёсатини шакллантиришга доир ўтказилиши лозим бўлган тадбирлар, персонал томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қаршиликларни бартараф этиш усуллари, кадрлар аудитининг йўналишлари ва зарур ҳолларда персонални қисқартириш усуллари тушунтирилган.

Сўнги, 6-бобда XX аср охири — XXI аср бошида глобал миқёсда юз берган информацион-технологик ўзгаришлар муносабати билан далзарб масалага айланган лидерлик – етакчилик, инсонларни бирлаштириш ва бошқариш қобилияти мавзуси ёритилган. Бунда лидерлик назариясининг келиб чиқиш тарихи, хозирги амалий аҳамияти, лидерлик типологиялари, турлари, лидерлик сифатларни намоён этиш орқали ташкилот мақсадига эриришни таъминлайдиган самарали бошқарув жамоаларини тузиш масалалари баён этилган. Мавзуни ёритишда Россиялик ва бошқа хорижий таниқли тадқиқотчиларнинг хулосалари келтирилган. Ўз лидерлик сифатларини намоён этиб бутун жахон миқёсидаги аҳамиятга эга бўлган ютуқларга эришган шахслар – Павел Третьяков (XIX аср, Россия), Билл Гейтснинг (XX-XXI асрлар) хаёти ва профессионал фаолияти ҳақида ушбу бобда келтирилган маълумотлар ҳам дарсликда ёритилган назариянинг амалиёитда ва умуман жамият хаётидаги ифодаси сифатида ўқувчилар учун фойдалидир.

Дарсликнинг бутун матнида назарий масалалар жадваллар, схемалар, формулалар билан ифодаланган ҳолда тушунтирилган. Бундан ташқари ҳар бир бобда кўриб чиқилган масалалар юзасидан бобнинг охирида қисқа ва аниқ баён этилган ҳулосалар (резюме) чиқарилган ва боб мавзуси бўйича саволлар ва топшириқлар берилган. Бу дарслик методик жиҳатдан пухта тузилганлигидан далолат бериб, дарсликдан фойдаланувчилар томонидан ўқув материалини чуқур ўзлаштиришга хизмат қилади. Дарсликда берилган 8 та илова материаллари ҳам дарсликнинг асосий қисмини мантиқий тўлдириб, унда ёритилган айрим мухим тушунчаларни янада кенгроқ очиб беради.

Дарсликни тузишда фойдаланилган адабиётлар рўйхатида жами 84 та манба келтирилган. Бу ўз навбатида дарслик унинг муаллифининг чуқур ва узоқ изланишлари ва педагогик тажрибаси натижаси эканлигидан далолат беради. Хозирги вақтда замон талабларидан келиб чиқиб мамлакатимиз кўпгина олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида инсон психологияси ва кадрлар менджменти фанлари ўрин олганлигини, юртимизда замоновий бозор иқтисодиёти шаклланиб, корхона ва ташкилотларда персонални бошқаришга доир махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган мутаҳассиларга талаб ошиб бораётганини эътиборга олсак, ушбу дарсликнинг ўзбек тилида нашр этилиши мамлакатимизда малакали менеджерларни тайёрлашда ва илмий мутаҳассисларимиз томонидан персонални бошқариш мавзусида янги изланишлар олиб борилишида ижобий аҳамиятга эга ҳодисадир.

Фарҳод Қурбонбоев

иқтисодиёт фанлари номзоди

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўриндошлик асосида директор бўлиб ишлаш мумкинми?

Асосий иш жойида бош бухгалтер лавозимидаги ходим бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида директор сифатида расмийлаштирилиши мумкинми? Ёки бош бухгалтер лавозимини...

Больше похожих статей

×