Қирғизистон ўз тарихида биринчи марта миллий паспортларини чоп эта бошлади. Шу мақсадда “Учқун” давлат босмахонасига замонавий ускуналар ўрнатилди. Бу ҳақда 5 сентябр куни мамлакат президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев маълум қилди.
Унга кўра, аввалроқ Қирғизистон паспорти хорижда чоп этилган.
“Бу қандайдир виждонсиз амалдорларни ва ҳатто жиноий дунё етакчиларини бойишнинг бир усули эди. Баъзида чет элда Қирғизистоннинг қалбаки паспортлари пайдо бўлган ва уларнинг ишлаб чиқарилган жойини аниқлаш ҳар доим ҳам имкони бўлмаган”, — дейди Султонбоев.
Унинг таъкидлашича, «мамлакат расмийлари паспорт мафияси билан бир йил ичида курашишга муваффақ бўлди — бу унга қарши курашнинг бошида амалдаги президент Садир Жапаров бўлганлиги туфайли амалга ошди».
Султонбоевнинг айтишича, Қирғизистон ҳар йили ўртача ҳисобда чет элдан бир ярим миллионгача ID-карта ва фуқаролик паспортига буюртма берган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров жорий йилнинг феврал ойида маълум қилишича, авваллари паспортлар, техник паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномаларининг бланкалари хусусий компаниялар томонидан берилган ва бунинг учун давлат томонидан 15 миллиард сўм (ҳозирги курс бўйича 170 миллион доллар) тўланган, бунинг учун бюджет маблағлари тўланган. Энди ғазнага 3 миллиард сўм (34 миллион доллар)га яқин маблағ қайтарилади.