Саудия Арабистонида йиллик Ҳаж зиёратини рухсатномасиз бажаришга уринган 17 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди, деб хабар берди «Arab News»га таяниб «asiaplus»
Хавфсизлик қўмитаси раҳбари генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамийнинг айтишича, жами 17 615 киши ҳибсга олинган.
Ал-Бассамийнинг қўшимча қилишича, ҳаж рухсатномаси бўлмаган 202 695 киши Маккага кириш жойларидан қайтарилган, Макка ва муқаддас жойларга кириш учун лицензияси бўлмаган деярли 129 минг автомобиль ҳам қайтарилган. “Ҳажга рухсати бўлмаган зиёратчиларни ташиган 33 нафар шахс қўлга олиниб, маъмурий қўмиталарга топширилди ва жазоланади”, — деди Муҳаммад Ал-Бассамий.
Қайд этилишича, Ўтган ҳафта Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида йиллик Ҳаж зиёрати бўлиб ўтди. Унда икки миллиондан ортиқ киши қатнашди. Бу йил, коронавирус пандемияси бошланганидан бери биринчи марта Саудия Арабистони ҳукумати 2020 йилгача бўлган кўп одамнинг ҳаж зиёратига боришига рухсат берди.