Мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда кутиб олинаётган энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрами арафасида Туркиянинг нуфузли илмий-маърифий нашрларидан бири — “Yeni Türkiye” (“Янги Туркия”) журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди.
Ўзбек ва турк тилларида икки жилдда нашр қилинган журнал махсус сонида мамлакатимиз тарихи, янги даври, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс” ғояси, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг асосий мақсадлари, Конституциявий ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги ўрни ҳамда геосиёсий ва стратегик аҳамияти ҳақидаги мақолалар жамланган.
Қайд этиш керакки, ўзбек ҳамда турк давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилари ва олимларининг қаламига мансуб юзга яқин мақолалар ўрин олган “Янги Туркия” журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони мамлакатимиз ҳақида тадқиқот олиб бораётган турк тадқиқотчилари ва талабалар учун муҳим манба бўлиши шубҳасиз.