Грузия ИИВнинг махсус топшириқли мобил отряди «Ягона миллий ҳаракат» партияси офисини қамал қилиб, партия раҳбари, мухолифатчилар етакчиси Ника Мелияни ҳибсга олди. Грузия ИИВ маълумотига кўра, махсус амалиёт давомида 20дан ортиқ киши ушланган.
22 феврал куни Грузия парламенти Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги янги ҳукумат таркибини тасдиқлаганди. Мелиянинг тарафдорлари янги бош вазирнинг биринчи қиладиган иши мухолифатчилар етакчисини қўлга олиш бўлишига шубҳа қилишмаётганди.
23 феврал куни эрталаб махсус кучлар Мелия ва унинг тарафдорлари яширинган партия идораси эшигини бузиб кирган. Амалиётда юзлаб полициячилар иштирок этган. Партия раҳбарини ҳибсга олиш мобайнида полиция кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланган. Қўлга олинган мухолифотчи зирҳли машинада олиб кетилган. У 2019 йилда тартибсизликлар уюштирганликда ва Грузия парламентига қилинган ҳужумда иштирок этганликда айбланмоқда.
«Вазирликнинг кўп марта огоҳлантириш беришига қарамай, партия офисига йиғилганлар полициянинг қонуний талабига бўйсунмади ва ҳуқуқ-тартибот органларига қаршилик кўрсатишди. Ўз навбатида, полиция ўз мажбуриятларини бажариш учун қонунчиликда кўзда тутилган куч ва махсус воситаларни ишга солди», дейилади ИИВ баёнотида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса амалиётдан сўнг 17 киши тиббий ёрдамга муҳтожлиги ҳақида маълум қилган.
Бу вақтда мухолифатчиларнинг вакиллари, партия тарафдорларини кўчаларга чиқиб, норозилик акциялари бошлашга чақиришган. «Гарибашвили ўзига ҳам, Бидзина Иванишвилига ҳам сиёсий қабр қазиди. Бу ишлар тез орада якун топажак. Ника Мелия озод қилинади, биз эса ғолиб бўламиз», деган журналистларга «Ягона миллий ҳаракат» вакили Заал Удумашвили.
«Мамлакатда Иванишвили-Гарибашвилининг комик диктатураси ўрнатилиши катта шармандалик бўлади», деган парламентнинг собиқ спикери Нино Бурджанадзе.
Грузия халқ ҳимоячиси (инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни назорат қилувчи) Нино Ломжария Мелиянинг қўлга олинишини шармандалик деб атаган.
«Мухолифат партия офисига рейд ва мухолифатчилар етакчисининг ҳибсга олинишидан ортиқ шармандалик йўқ. Бу Грузияни Ғарб дунёсидан узоқлаштириши муқаррар», дейилади Ломжариянинг баёнотида.
Шу билан бирга, Грузиядаги ҳукмрон партия Мелиянинг қўлга олинишини «намунали амалиёт» деб атаган. «ИИВ раҳбари Вахтанг Гомелауридан ҳар бир полициячи амалиётни ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилмасдан ўтказгани учун миннатдорман», деган партия раҳбари Ираклий Кобахидзе.
«Бугун биз шунга гувоҳ бўлдикки, биз — ҳуқуқий ва кучли давлатмиз. Бизда кучли полиция ва жуда самарали ҳаракатланувчи ички ишлар вазири бор», деган Гарибавшили. Унинг сўзларига кўра, полициянинг ҳаракатлари Европа ва Америкадаги демократия стандартларига мос келади.
Янги ҳукумат
Душанба куни Грузия парламенти навбатдан ташқари йиғилишда Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги янги ҳукуматга ишонч билдирди.
Шу кунга қадар мудофаа вазири лавозимида бўлган Гарибашвили ҳозирги ҳукумат даврида Вазирлар Маҳкамасига иккинчи марта раҳбар бўлмоқда — у муқаддам икки йил давомида — 2013 йил ноябридан 2015 йил декабригача бош вазир бўлган.
Фақат икки вазир ўзгарган ҳукумат таркиби ва бош вазирликка номзоднинг ҳукумат дастурини 89 нафар депутат ёқлаган, икки киши қаршилигини билдирган.
Овоз бериш жараёнида янги сайланган мухолиф депутатларнинг катта қисми иштирок этмади. Улар ўтган йилнинг 31 октябрида ўтказилган сайлов натижалари сохталаштирилган деб ҳисоблашмоқда ва янги сайловлар ўтказилишини талаб қилган ҳолда жорий парламентда ишлашдан бош тортишмоқда.
Гарибашвили бош вазирлик лавозимида Георгий Гахариянинг ўрнини эгаллади, Гахария ўтган ҳафтада суд Никанор Мелияни ҳибсга олиш бўйича қарор қабул қилганидан кейин истеъфо берганди.
Янги ҳукумат тасдиқланиши учун депутатларнинг кўпчилик қисми овоз бериши (камида 76 овоз) талаб этиларди.
«Энг ёмон қарор»
Гарибашвили 2012 йилги сайловларда «Ягона миллий ҳаракат» партияси раҳбари Михаил Саакашвилини мағлуб этган ва 2012-2013 йилларда бош вазир бўлган, ҳукмрон партия — «Грузия орзуси — Демократик Грузия» блокининг собиқ раҳбари Бидзина Иванишвилининг энг ишончли кадрларидан бири ҳисобланади. Мухолифатчилар у мамлакатнинг норасмий ва мутлақ ҳукмдори деб аташади.
Мухолифатчилар Гарибашвилининг номзоди бош вазирликка илгари сурилишини мамлакатда сиёсий вазият кескинлашган маҳалда қабул қилинган энг ёмон қарор деб аташди.
Мухолифатдагилар Гарибашвили ҳамиша ўз мухолифларига тажовузкор риторикаси билан ажралиб тургани, қонунчилик органидаги чиқишлари вақтида ўз сиёсатининг асосий йўналиши мухолифларни таъқиб қилиш бўлишини яширмаганига эътибор қаратишган.
Депутатлар қаршисидаги чиқиши вақтида Гарибашвили мухолифатчиларни аёвсиз танқид қилиб, «Ягона миллий ҳаракат» партиясини бузғунчи куч сифатида таърифлаганди.
Гарибашвилининг сўзларига кўра, ҳукумат собиқ президент Михаил Саакашвили ва «у тайинлаган жиноятчилар»дан узоқлашган мухолифат билан «конструктив мулоқот»га киришга тайёрлигини таъкидлаган.
У Мелияни «жиноятчи» деб аташини «Карту» банки бўйича ишда чиқарилган суд қарори билан изоҳлаган. 2019 йилда Тбилиси шаҳар суди Мелияни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топганди.
Аввалроқ мухолифатчилар ғарблик дипломатлар воситачилигида музокаралар ўтказиш учун 25 февралга режалаштирилган намойишларни ортга суришга тайёр эканликларини маълум қилишганди.
Аммо Гарибашвили ўз ҳукумати янги сайловлар ўтказиш бўйича ҳар қандай музокараларни рад қилишини маълум қилган — мухолифатчиларнинг асосий талаби эса шу.
«Бу савол ёпиқ ва кўриб чиқилмайди», деган Гарибашвили.
Манба: kun.uz