Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳрига ташрифи чоғида Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди. Томонлар ўзаро ишончга асосланган стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда давлат раҳбари Бердимуҳамедовни БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар бўйича конференциясини юксак савияда ташкил этгани билан табриклади. Суҳбат давомида Самарқандда апрель ойида бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувлар ижроси, икки томонлама савдо, саноат ва транспорт соҳаларидаги кооперация, шунингдек, “Шовот–Тошовуз” чегараолди савдо зонаси лойиҳаси хусусида сўз юритилди.
Йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 600 млн долларга етгани қайд этилди. Яқин келажакда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентда ўтадиган еттинчи Маслаҳат учрашуви бўйича ҳам фикр алмашилди.