Тошкент шаҳрида яширин равишда, ҳужраларда диний таълим бераётганлар қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирида 3 нафар фуқаро ўз хонадонларида ҳужралар ташкил этиб, ёш болаларга диний сабоқ бераётгани аниқланган. Бу ҳақда “Ёшлар” телеканалидаги лавҳада сўз борди.
Аниқланган ҳужраларда жами 32 нафар бола диний сабоқ олаётгани аниқланган. Ҳужралар ташкил этилган хонадонлар кўздан кечирилганда, у ердан ёғоч калтак, пичоқ, пневмотик қурол топилган. Шунингдек, ҳужралар эгаларининг қўл телефонларида диний экстремистик оқимлар ва террорчи ташкилотларнинг ғоявий раҳбарларининг жиҳодга чорловчи аудио, видеоматериаллари борлиги аниқланган.
Ҳужраларнинг бирида 17 нафар, иккинчисида 11 нафар, учинчисида эса 4 нафар вояга етмаган бола диний сабоқ олаётган бўлган. Ноқонуний диний таълим вақтида болалар калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган.
Ҳозирда мазкур ҳужраларни ташкил қилганларга нисбатан қонуний чора кўриш масаласи кўрилмоқда.
Манба: qalampir.uz