Нигериянинг Канкара шаҳрида (Кацина штати) номаълум кишиларнинг ўғил болалар учун мўлжалланган мактаб-интернатга ҳужумидан кейин 200га яқин ўқувчи бедарак йўқолди.
Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, ҳужум мамлакат президенти Муҳаммаду Бухорий она штати Кацинага келгандан 2 кун ўтиб содир этилган. Жангарилар ўқувчилар ухлаётганда мотоциклларда мактаб биносига бостириб киришган. Ҳужум бир соатдан кўпроқ давом этган.
Жангарилар ва мактабнинг хавфсизлик хизмати ходимлари ўртасида юз берган отишма вақтида кўплаб ўқувчилар қоча бошлашган. Кўпчилик болалар жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган.
Маълум қилинишича, кейинроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари жангариларни ўрмонда топишга муваффақ бўлган. Ҳукумат кучлари жангариларни авиация ёрдамида таъқиб қилиш вақтида уларга қарши отишма олиб борган. 200га яқин ўқувчини қутқаришга муваффақ бўлинган.
Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, мактабда 884 бола бўлган. Улардан 200дан кўпроғининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Болаларни қидиришга армия ва ота-оналар қўшилган.
Айни вақтда террорчи гуруҳлардан бирортаси “Боко ҳаром” жангарилари ҳаракатланадиган ҳудудлардан олисда жойлашган мактабга ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Манба: kun.uz