Ишдан чиқиб, ширинлик дўконига бордим. Кичкина фарзандим уч кундан буён:
– Дада, торт олиб келинг, – деб зорланади. Пулим оз эди, шу сабаб боламга яраша кичкина торт сотиб олдим. Уйга қайтишда йўлимдан отам чиқди.
– Ишинг тугадими? – сўради дадам салом аликдан сўнг.
– Ҳа, дада.
– Қўлингдаги нима?
– Неварангизни торт егиси келибди, шунга…
– Ҳа. Тезроқ олиб бор. Йўлингни пойлаб ўтиргандир.
Отам билан хайрлашиб уйга кетдим. Дадам орқамдан қараб қолди. Уйга келгач, тортни кенжатойимнинг олдига қўйдим.
– Бобом келяптилар, – деди даразадан кўчани томоша қилиб ўтирган катта ўғлим.
– Дадам? Нега келаётган эканлар?
Фурсат ўтмай дадам келди. Ичкарига бошладим, лекин дадам кўнмади. Остонадан туриб қўлимга бир қутини узатди.
– Бу нима, дада?
– Торт. Ёдингдами, болалигингда тортни яхши кўрардинг. Қўлингдаги кичкина тортни болангга илиниб, ўзинг емаслигинг аниқ. Шунинг учун сенга ўзим торт сотиб олиб келдим. Сен болангни хурсанд қилаётганингни кўриб, мен ҳам сени хурсанд қилгим келди…
Мен йиғладим… Мен охирги пулимга боламга торт олгандим. Эҳтимол дадам ҳам шундай қилгандир…
Топ статей за 7 дней
Подпишитесь на нас
- Advertisement -