Жорий йилнинг 4-12 июнь кунлари Франциянинг Шатору шаҳрида пара ўқ отиш бўйича ўтказилган Жаҳон кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Сервер Ибрагимов эркаклар ўртасида 50 метрга тўппончадан отиш бўйича баҳсларда 200.7 очко жамғарган ҳолда бронза медалига, 10 метрга пневматик тўппончадан отиш бўйича баҳсларда эса 217.1 очко жамғариб кумуш медалга сазовор бўлди.
Таъкидлаш керакки, Сервер Ибрагимов ушбу натижаси билан делегациямиз ҳисобига 2 та медални ёздириб қўйиш билан бир қаторда, 2024 йил Парижда бўладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани ҳам қўлга киритди, дея хабар бермоқда Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Эътиборлиси, айнан Сервер Ибрагимов «Париж-2024» йўлланмасини қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.
Маълумот учун, Сервер Ибрагимов пара ўқ отиш бўйича бир неча бор Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори, шунингдек, «Рио-2016» ёзги Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби ҳисобланади.