Тарихий ўзгармас бир ҳақиқат бор: тарихий шахсларни улуғлаган, уларнинг хотирасини ардоқлаган, уларни шарафлаб асарлар ёзган одам ҳам беихтиёр тарихий шахсга айланади.
Исмат Кўчиев тарихга, тарихий шахсларга, уларнинг Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги, адолат тантанаси йўлида қилган хизматларига алоҳида эҳтиром билан қарайдиган ижодкорлар тоифасидан.
У тақдир тақозоси билан асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларида хизмат қилиб, қонунчиликка риоя қилиниши, адолат қарор топиши борасида жонбозлик кўрсатган. Буни қарангки, у ҳаётининг дастлабки босқичида адолат сарбози сифатида фаолият юритган бўлса, бу билан чекланиб қолмасдан, ўзига ўта талабчанлик билан муносабатда бўлиб, ниҳоят умрининг навбатдаги босқичида калом сарбозига айланди. Илгари адолатга бевосита қонунчилик талабларидан келиб чиқиб ватан, халқ учун хизмат қилган бўлса, ниҳоят навбатдаги босқичда қудратли калом воситасида айни шундай хизмат кўрсатмоқда. Фаолиятининг дастлабки босқичида маълум минтақада хизмат қилган бўлса, кейинги босқичида унинг холис ва беғараз хизмати доираси салкам бутун дунёни қамраб олди.
Исмат Кўчиев халқ, тарих, адолат учун, қолаверса холис ва яхши ният билан адабиёт учун сидқидилдан хизмат қилар экан, бу билан ўз шаъни ва шавкатини ҳам юксалтирганини алоҳида таъкидлаш керак.
Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло Исмат Кўчиевнинг шеъриятига юксак баҳо берган:
“Исматжоннинг шеърларини ўқиганимда сездимки, бу сатрларнинг муаллифи Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар авлодининг вакилларидан бўлса керак. У пайтлар ҳали шеър бир ҳодиса ўлароқ қабул қилинар эди. Ўша лирика, ўша жонбахшлик, ўша маъсумлик, кўнгли шикасталик ва ўктам бир дард…”
Таниқли мунаққид Карим Баҳриев Исмат Кўчиевнинг “Жаннат райҳонлари” шеърий тўпламига ёзган сўзбошида унинг лирикасида тарихий ва замонавий оҳанглар уйғунлигини алоҳида таъкидлайди:
“Исмат Кўчиевнинг шеърларида туғилган юрт ва бу юртни кўтарган миллатдошлари Амир Темурдан Бибихонимгача, Навоийдан Улуғбеккача, Хўжа Аҳрори Валийдан то Шароф Рашидовгача миллий ғурур ва жўмардлик билан мадҳ этилади.
“Самарқанд” туркум шеърларида шоир она шаҳримизга меҳрини изҳор қилади:
Раббимнинг нигоҳи тушган, эй маъво,
Эй, дунё ичида порлаган дунё.
Олам шаҳарлари ичинда танҳо,
Бехишт боғларининг андозасисан.
Жаҳон сирларининг дарвозасисан.
Кўксингда яшайди йўлбарс наъраси,
Сен буюк, енгилмас мардлар қалъаси.
Қуёшнинг ҳам сенга келар ҳаваси –
Самарқанд – сен жаннат андозасисан”.
Шоир Исмат Кўчиев ижодида Алишер Навоийга бағишланган “Абадиятнинг беш довони” ҳамда Бобур Мирзога бағишланган “Бобур. Асрлар оралаб” достони алоҳида ўрин тутади.
Исмат Кўчиев “Абадиятнинг беш довони” достонини, мутахассислар ҳаққоний эътироф этгани каби, рус шеъриятининг қуёши Александр Пушкин қаламига мансуб “Евгений Онегин” шеърий романи билан бир хил шаклда, яъни ҳар бир бандни ўн тўрт қатордан қилиб, ўзига хос қофиялаган ҳолда ёзган. Бобур Мирзога бағишланган достон эса Бобур Мирзо йирик ва истеъдодли рубойнавис шоир эканидан келиб чиқилган ҳолда тўртликлар шаклида битилгани билан эътиборга сазовор ҳисобланади.
Исмат Кўчиев адиб сифатида қалам тебратар экан, халқимизнинг ардоқли фарзанди, улуғ давлат арбоби ва атоқли адиб Шароф Рашидов хотирасига ўз асарлари билан муаззам ҳайкал тиклаганини алоҳида эътироф этиш зарур. Унинг “Шароф Рашидов. Ғолиб” ҳамда “Шароф Рашидов. Бунёдкор” асарлари нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки бутун дунёдаги китобхонлар томонидан алоҳида мамнуният билан кутиб олинди ва бетакрор асарлар сифатида эътироф қилинди.
Исмат Кўчиевнинг “Шароф Рашидов. Бунёдкор” асари русийзабон китобхонлар қалбидан ҳам муносиб ўрин эгаллади. Шароф Рашидовга бағишланган ҳар иккала асар дастлаб рус тилида битилганини ва замонавий Интернет тармоқлари орқали кенг китобхонлар оммаси ҳукмига ҳавола қилинганини алоҳида таъкидлаш керак. Бу бутун Ўзбекистон, ўзбек халқининг шону шавкатини бутун дунё миқёсида тараннум қилиш бўлгани учун ҳам алоҳида эътибор ва эътирофга молик иш ҳисобланади. Кези келганда айтиш керакки, кейинги ўн йил мобайнида нафақат тарих илмида рашидовшунослик пайдо бўлди, балки Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бадиий асарлар, ҳужжатли кинофильмлар яратилди. Бинобарин, тарих илмидаги рашидовшунослик соҳасига Исмат Кўчиев ҳам салмоқли ҳисса қўшди.
Исмат Кўчиев ўзининг серқирра ижодида фақат мамлакатимизнинг тарихий сиймолари фаолиятини атрофлича ёритиш билан чекланиб қолмаслиги диққатга сазавор ҳисобланади. Бинобарин, қардош ва қондош Озарбайжон мавзуси унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Унинг қаламига мансуб “Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси”, “Озарбайжон ғалабаси” асарлари икки мамлакат халқлари ўртасидаги асрий яқин дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Мустақил Озарбайжоннинг илк раҳбарларидан бири Ҳайдар Алиев ўз пайтида Шароф Рашидовнинг яқин дўсти ва ҳаммаслиги бўлгани тарихдан яхши маълум. Бугунги Озарбайжоннинг гуллаб-яшнаши, унинг ҳудудий яхлитлиги таъминланиши учун Ҳайдар Алиев мустаҳкам асос яратган йирик давлат арбоби эди. Ҳайдар Алиев бошлаб берган тарихий ишларни унинг ўғли ва вориси, бугунги кунда мамлакат Президенти Илҳом Алиев оғишмай ҳаётга тадбиқ этмоқда.
Исмат Кўчиевнинг Озарбайжон мавзусига бағишланган асарлари кенг жамоатчилик, жумладан қардош мамлакат ҳукумати томонидан юксак баҳоланди. У мазкур асарлари учун “Озарбайжон дўсти” олтин ордени билан тақдирланди.
Исмат Кўчиев Интернет ижтимоий тармоқлари, турли сайтлар, оммавий ахборот нашрларида журналист сифатида кундалик долзарб мавзулардаги ўринли таклифлар ҳам билдирилган салмоқли мақолалари, айни пайтда муайян воқеалар муносабати билан тезкор ёзилган шеърлари билан мунтазам қатнашиб келади. Унинг бу борадаги фаоллиги ҳам таҳсинга сазовор ҳисобланади.
Олимларнинг эътироф этишларича, ижодкорлик билан кечувчи узоқ умрнинг мукофоти – инсонда донишмандлик сифатининг туғилишига замин ва имкон яратади. Бинобарин, Ўзбекистон ва Белоруссия Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени, Озарбайжоннинг “Озарбайжон дўсти” олтин орденлари билан тақдирланган, қутлуғ етмиш баҳорни қаршилаётган Исмат Кўчиевни донишмандлик фаслида умргузаронлик қилаётгани билан самимий қутлаймиз. У мана шу нуроний фаслида қатор жозибали ижодий ишлар билан банд. Истеъдодли ёзувчи, шоир ва оташин публицист Исмат Кўчиевнинг асарлари Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратишда бундан буён ҳам барчани сафарбар қилиши шубҳасиз.
Абдуҳамид Пардаев,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Носир Тоиров,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси