Ўзбекистон Маданий бойликларни асраш ва тиклаш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ)нинг 138-аъзо давлати бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Ўзбекистонда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бир қанча объектлар, жумладан, темурийлар даврининг ажойиб обидалари билан машҳур бўлган Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари, Хива ички қисмидаги Ичан-қалъанинг ноёб шаҳар мажмуалари ва тарихий Самарқанд шаҳри жойлашган. Трансмиллий жаҳон мероси объектлари бўлган Зарафшон-Қорақум Ипак йўли йўлаги ва Турон мўътадил чўллари Ўзбекистоннинг қадимий савдо йўлларидаги стратегик ролидан далолат беради ҳамда Марказий Осиё табиий ландшафтининг хилма-хиллиги ва мустаҳкамлигини намойиш этади. Ўзбекистоннинг анъанавий билимлари, ҳунармандчилиги ва турмуш тарзи билан ифодаланган номоддий мероси ҳам унинг бебаҳо тарихий ҳиссасини кўрсатади», — дейилади марказ хабарида.
«Ўзбекистоннинг минг йилликларни қамраб олган моддий ва номоддий бой ҳамда ранг-баранг мероси мамлакатнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тарихий ва маданий аҳамиятидан далолатдир. ИККРОМга қўшилиш Ўзбекистонга бой билим ва тажрибани олиб кириш имконини беради, бу, шубҳасиз, маданий меросни асраб-авайлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз зиммамизга юкланган вазифани бажариш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларимизни бойитади», — деди ИККРОМ бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал.
ИККРОМ — маданий меросни асрашга бағишланган ҳукуматлараро ташкилот. ИККРОМ фаолияти меросни асраш усуллари сифатини оширишга, шунингдек, маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлиги ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган. ИККРОМ бешта асосий йўналишда ишлайди: ўқитиш, ахборот, тадқиқот, ҳамкорлик ва тарғибот.