29-31 май кунлари Россиянинг Астрахань шаҳрида Каспий илмий-таълим конгресси доирасида “Каспий-2023: барқарор ривожланиш йўллари” мавзусида илмий тадбир бўлиб ўтади деб хабар бермоқда Uz.A. Мазкур йирик учрашув Астрахань вилояти ҳукумати, Астрахань давлат университети, «Россия– имкониятлар мамлакати» автоном нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Асосий тадбирлар В.Н.Татишев номидаги Астрахань давлат университетида бўлиб ўтади. Бу йил учинчи маротаба ўтказилаётган ушбу форумда Россиянинг Каспий денгизидаги мавқеини мустаҳкамлаш, Каспийбўйи мамлакатларининг фан ва технологиялар, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Астрахань давлат университетининг Ахборот сиёсати ва алоқалар бўлими тақдим этган маълумотларга кўра, уч кунлик тадбир доирасида муҳокамалар, этнографик олимпиада, “Ваколатлар марказлари” лойиҳаси экспертлари кенгашининг йиғилиши, вилоятнинг транспорт логистика соҳасидаги олий ўқув юртлари консорциуми мажлиси ўтказилиши режалаштирилган. Форумнинг биринчи иш куни тўлиқ ёшлар сиёсати масалаларига бағишланади.
Астрахань давлат университети ректори Константин Маркеловнинг сўзларига кўра, Каспийбўйи мамлакатлари ўртасида илмий, маърифий иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш унинг минтақавий ва глобал миқёсдаги барқарорлигини оширишга ёрдам беради.
“Турли соҳа вакиллари ўртасидаги амалий мулоқот, янги ижтимоий, иқтисодий, технологик таҳдидлар ва халқаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, Каспийбўйи минтақасини барқарор ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамкорликдаги ишларнинг самараси бўлади”, – дейди Константин Маркелов.
Форумда иштирок этиш учун қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин: caspian2023.asu.edu.ru