Куни кеча Давлат Тошев «устоз-шогирд» мактабида, ҳунарманд шогирдларининг илк кўргазмаси ташкил этилди. «Устоз ўгитлари» деб номланган ушбу кўргазмада, мактаб биринчи қалдирғочларининг қалам асарлари, ҳаттотлик илми акс этган миниатюралари намойиш этилди.
«Устоз учун шогирдларининг ўз шахсий кўргазмасини ташкил қилиш катта бахт ва муваффақиятдир. Бу қувончли кун мен учун. Шогирдларим бу ерда нафақат ҳунар ўрганишади балки ипак қоғозни ҳам ўзлари тайёрлашади. Миниатюра машшақатли санъат турларидан биридир. Уни англаш учун жуда чуқур қобилият, илм ва синчковлик даркор. Чунки қалам устаси ўзида бор илмини қоғозга туширади. Шунинг учун бу ҳунар учун доимий изланиш зарур.
Шогирдларим масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўзлари мустақил санъат асари яратишга харакат қилишади. Бугун эса биринчи қалдирғочларимнинг ўз шахсий кўргазмасида » илк меваларни» кўриб турибмиз.
Айни кезда мен ушбу кўргазмага қараб ўз устозим бўлмиш Даврон Тошевни айтиб ўтмоқчиман. Ўз акам бўлмиш бу инсондан миниатюра сирларини ўрганганман. Уста деган номни олганимдан кейин масъулиятим ошди ва ўз устозимдан олган ўгитларимни шогирдларимга сингдириб боришга ҳаракат қиляпман.
Келажакда бир нечта ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз. Яқинда Франция билан ҳамкорликда 30 га яқин ёшлар 15 кунлик саёҳат билан Бухорога келишлари ва ундан 8 кунини бизнинг мактабда ўтказиш режаси бор эди . Аммо пандемия сабаб бу лойиҳа орқага сурилди.
Худди шундай бизнинг шогирдларнинг ҳам Францияга ташрифи режамизда бор.
Қолаверса, май ойларида Исроилда ўз шахсий кўргазмамизни ўтказишни мақсад қилиб қўйганмиз ва бу лойиҳа устида ишлаяпмиз»,- дейди «Устоз шогирд Амалий Санъат Маркази асосчиси Давлат Тошев.
Кўргазмада, айни дамда Бухорода ўз журнали тақдимоти билан меҳмон бўлиб турган «Visit Uzbekistan» журнали жамоаси ҳамда қатор чет эл меҳмонлари ҳам қатнашишди. Нафис миниатюра санъати акс этган ушбу кўргазма барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Бухоро вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти Матбуот хизмати