Самарқанд халқаро технология университетида Франциянинг етакчи муҳандислик университетлари билан ҳамкорликда Француз олий муҳандислик мактабини ташкил бўйича келишувга эришилди. Институт мақомидаги бу олий мактаб 2025 йил сентябр ойида ўз фаолиятини бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлган эди. Расмий хабарларга кўра, музокаралар натижасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация, шунингдек, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича салмоқли битимлар имзоланди.
Олий даражадаги ташриф доирасида Францияда бўлган делегациялар таркибида Самарқанд вилояти вакиллари ҳам бор эди. Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ректори, профессор Юсуф Абдуллаев ташриф ўзи раҳбарлик қилаётган ОТМ учун муҳим ижобий натижа берганлигини катта қониқиш билан сўзлаб берди. Айниқса, ташрифдан аввал ўзаро келишилган ҳолда режалаштирилмаган натижанинг бўлиши кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларга, жумладан SIUT ва унинг раҳбарига нисбатан ижобий муносабат оқибати сифатида баҳоланишга лойиқ.
Профессор Ю.Абдуллаевнинг таъкидлашича, Ницца шаҳрида Франциянинг нуфузли халқаро Франкофония ташкилоти директори Янн Либрати билан Самарқанд делегацияси ўртасида мулоқот ўтказилган. Франкофония – француз тилида сўзлашувчи мамлакатларнинг халқаро ташкилоти бўлиб, 1970 йилда ташкил этилган. Ушбу муассасанинг фаолияти 93 та аъзо мамлакатда француз тилини ҳамда сиёсий, маърифий, иқтисодий, маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Маълумотларга кўра, жаҳонда 321 миллион киши француз тилида сўзлашади.


Ана шундай нуфузли ташкилот раҳбари билан суҳбат давомида профессор Ю.Абдуллаев мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, шунингдек, SIUT фаолияти, унинг халқаро алоқалари ҳақида сўз юритди. Мезбон эшитганларидан руҳланиб, SIUT ректорини алоҳида суҳбатга таклиф этди. Саккиз соат давом этган мулоқот давомида Франкофония ташкилоти ҳамда университет ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби масалалар атрофида фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар SIUTда Франциянинг етакчи муҳандислик университетлари билан ҳамкорликда Француз олий муҳандислик мактабини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар. Ушбу институт 2025 йил сентябр ойида ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган. Унда кончилик, геология, нефт ва газ, кимё муҳандислиги каби муҳим таълим йўналишлари очилади.
Институт Ўзбекистонда юқори сифатли технологик таълим тизимини ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда унинг фаолияти саноат эҳтиёжларига мос келадиган малакали муҳандисларни тайёрлашга йўналтирилган. Келгусида саноатнинг долзарб талаблари асосида таълим йўналишлари янада кенгайтирилиши режалаштирилган. Француз олий муҳандислик мактабининг молиялаштирилиши бир неча йўналишлар бўйича амалга оширилади. Жумладан, лойиҳа француз бизнес вакиллари, Франциянинг етакчи университетлари томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда SIUT Васийлик кенгаши раиси Б.Фазиловнинг молиявий таъминланишини назарда тутади.
Мазкур ташаббус нафақат Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги илмий-таълимий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки ёш муҳандислар учун халқаро стандартларга мос юқори сифатли таълим олиш имкониятини яратишга хизмат қилади. SIUT минтақадаги инновацион технологик ривожланиш маркази сифатида, мамлакатимиз саноати учун замонавий, рақобатбардош ва халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлаш борасида етакчи ўрин эгаллашда давом этади.
Шунингдек, ушбу келишув доирасида SIUTда муҳандислик йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар учун “Nurlikum Mining ” Ўзбекистон-Франция қўшма корхона вакиллари билан ўтказилаётган учрашув ва семинар-тренинглар янгича мазмун касб этади ҳамда юқори савияда давом эттирилади. Бу эса университетда йўлга қўйилган дуал таълим тизими асосида таълим ва саноат ўртасидаги уйғунликни янада мустаҳкамлайди. Мазкур ҳамкорлик университет ва саноат корхонаси ўртасидаги интеграцияни янада кучайтириб, тоғ-кон ва муҳандислик соҳаларида илғор технологияларни жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Шу вақтгача SIUT АҚШ, Хитой ва Корея Республикасининг нуфузли ОТМлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ва халқаро страндартлар асосида мутахассислар тайёраб келаётган эди. Эндиликда муҳандислик йўналишларида юртимиз олий таълим тизимига Франция илғор тажрибаси кириб келади. Бу эса етук муҳандислар авлодини тайёрлашни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз