«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ташаббуси билан Корея Республикасининг Намсеул университетида «Ўзбекшунослик» кафедраси очилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети Туризм кафедраси мудири Акмалжон Одилов ҳамда кафедра ўқитувчиси Муслима Амириддинова 17 июль куни Намсеул университетига ташриф буюрди. Сафар давомида университет вице-президенти, профессор Юн-Сеок Ли ва бошқа масъуллар билан учрашув ўтказилди. Унда икки университет вакиллари келишуви асосида очилаётган «Ўзбекшунослик» кафедраси фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар кафедранинг Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини Корея Республикасида кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин эгаллашига умид билдирди.
Намсеул университети вице-президенти Юн-Сеок Ли «Ўзбекшунослик» кафедрасига масъул этиб университетнинг ўзбекистонлик профессори Зоир Саттаровни тайинланганини маълум қилди.