Ҳар йили апрел ойининг биринчи якшанбаси “Геологлар куни” сифатида нишонланади. Шу муносабат билан ушбу кунни касб байрами сифатида нишонловчи Ўзбекистон Республикаси Геология фанлари университети томонидан тадбир ташкил этилди. Давра суҳбати “Китоб – энг содиқ ҳамроҳ” шиори остида ўтказилаётганлиги боис Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада бўлиб ўтди. Унда Геология фанлари университети профессор-ўқитувчилари, Навоий кутубхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанларнинг ўз касбий фаолиятлари, унда эришилган самарали ютуқ ва натижалари, келгусидаги режалари тўғрисидаги маърузалари эндигина бу соҳага қадам қўяётган бўлажак геологларнинг танлаган соҳасига бўлган қизиқишини яна бир карра ошишига хизмат қилди.
Геология соҳасини ривожлантиришда энг муҳим жараён “талаба – китоб – маънавият – маърифат” йўналишида шаклланади. Айнан китоблар ва мавзувий босма нашрлар талабаларга ўз соҳаларини чуқур ўзлаштиришларида кўмак беради. Ҳар қандай соҳани мукаммал ўрганишда китоб энг катта омил бўлгани сингари геология ривожида ҳам бу жуда муҳим.
“Соҳамиз жуда ҳам қизиқарли. Бизнинг оиламизда дадам айнан мана шу йўналишда ишлаганлари учунми, мен ҳам шу соҳада ишлашга қарор қилганман. Ҳали эндигина бошланғич курсда ўқияпман. Эндиликда устозларимиз ва албатта, китоблар орқали соҳамни чуқур ўрганиб, келажакда ўз ҳиссамни қўшиш истагидаман” – дейди Ўзбекистон Республикаси Геология фанлари университети 1-босқич талабаси Зухриддин Тожибоев.
Тадбирнинг иккинчи қисмида кутубхона бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Унда талабаларга соҳага боғлиқ янада кўпроқ маълумотларга эга бўлишлари учун турли адабиётлар тавсия этилди.
Сурайё Равшанова