13 июндан бошлаб Тошкент метрополитенининг «Чинор» бекати йўловчилар учун вақтинча ёпилади. Бекатдаги чекловлар 50 кун давом этади.
Маълум қилинишича, бу қарор бекатни модернизация қилиш ишлари билан боғлиқ. Лойиҳа доирасида кириш ва чиқиш ҳудудлари кенгайтирилади, катта сиғимга эга тўртта лифт ўрнатилади ҳамда қўшимча 12 та турникет жойлаштирилади.
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида таъмирлаш ишлари давомида «Чинор» ва «Янгиҳаёт» бекатлари ўртасида метробуслар қатнови йўлга қўйилади. Улар ушбу йўналишда муқобил транспорт хизмати вазифасини бажаради.
Метрополитен маъмурияти пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини вақтинчалик ўзгаришларни инобатга олган ҳолда йўналишларини олдиндан режалаштиришга чақирди.

