“Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан 2022 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикаси наркология хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури, 2022 – 2023 йилларда наркология муассасаларини тиббиёт ускуналари билан жиҳозлашнинг (қўшимча жиҳозлашнинг) асосий параметрлари, 2022 йил якунига қадар наркологик беморларни ихтиёрий
ва мажбурий даволаш учун наркология диспансерларида қўшимча ташкил этиладиган ўринлар фонди тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг наркологик касалликка чалинган шахсларни мажбурий равишда даволаш тартибини такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифларига розилик берилди:
ички ишлар органларига ўз ташаббусига кўра, наркологик касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш юзасидан ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш ҳуқуқини бериш;
2023 йил 1 январдан бошлаб:
наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувларни наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга ошириш;
наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имкониятини яратиш.
Эндиликда касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ишларни электрон тарзда судларга юбориш ва судлар томонидан уларни видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиш мумкин бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан наркология диспансерлари ёки туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб келинган пробация назоратидаги шахсларни алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтказиш тартибини жорий этади.