UzAuto Motors бош директори Бо Андерсон Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари журналистлар билан учрашиб, улар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берди. Хусусан:
–Бугунги Ўзбекистон автомобиль саноатини қандай кўрасиз? Унинг истиқболлари қандай?
–Умуман олганда, ёмон эмас. Республика аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этиши менда жуда ижобий таассурот қолдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳар 1000 аҳолига 91 та автомобиль тўғри келади. Агар бошқа мамлакатлар билан таққослайдиган бўлсак, бу кўрсаткич Россияда 385 та, Германияда 575 тани ташкил қилади. Бу эса соҳани ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатади. Ўзбекистон автомобиль саноатида ривожланиш учун имкониятлар мавжуд.
–Корхонани ривожлантиришдаги стратегиянгиз қандай?
–Ўзим учун тўрт асосий йўналишни белгилаганман. Биринчи навбатда, ишлаб чиқарилган автомобиллар сифатига эътибор қаратиш. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз аллақачон уни 25 фоизга яхшилашга эришдик.
Иккинчидан, автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва уларни истеъмолчига ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш.
Учунчидан, компания янада рақобатбардош бўлиши керак. Бу ривожланиш стратегиясининг муҳим пунктларидан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун эса маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, шу билан бирга ишлаб чиқаришда маҳаллий материаллардан фойдаланиш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Тўртинчидан, янги Chevrolet Tracker ва Chevrolet Onix моделларининг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш.
–Қандай қилиб навбатлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилишни режалаштиряпсиз?
–“Биз бунинг устида кечаю кундуз ишлаяпмиз, харидорлар орасида талабгир бўлган автомобилларни кўпроқ ишлаб чиқарамиз.
Биз оммабоп автомобилларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини оширдик. Lacetti автомобилини 262 тадан 366 тага (27 фоизга), Cobalt автомобилини кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 342 тадан 420 тагача (18 фоизга) кўтардик.
Автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатини икки баробарга қисқартиришга эришдик. Аммо, афсуски биз ҳали ҳам керакли жойда эмасмиз. Ушбу мақсадга эришиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимизга шахсан ўзим кафолат бераман. Айтмоқчи, Spark автомобилини харид қилганлар катта эҳтимол билан автомобилни шартномада кўрсатилган муддатдан олдин олишлари мумкин бўлади. Nexia автомобилини эса, ҳеч қандай кутишларсиз дилерлардан олиб кетиш мумкин.
–Бозорда қандай янги моделлар пайдо бўлади?
–Бу йил бозорга янги модель – Chevrolet Tracker, келаси йил бошида эса Chevrolet Onix ни тақдим этамиз. Мижозларимизга бу замонавий икки автомобиль ёқишига ишончим комил. Иккала моделда ҳам олтита хавфсизлик ёстиқчаси мавжуд. Улар ЙТҲга чидамлилик бўйича беш юлдузли рейтингга эга. Ушбу автомобиллар замонавий кўнгилочар тизим, Wi-Fi ва тўхташга ёрдам берувчи датчик билан жиҳозланган бўлади. Бундан ташқари, Chevrolet Tracker ва Chevrolet Onix ёқилғи сарфи жиҳатидан жуда тежамкор — 100 километрга 6 литр.