Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда сил касаллигидан ўлим кўрсаткичи камида 75 фоизга қисқарди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) янги глобал ҳисоботида маълум қилинди.
Ташкилот маълумотларига кўра, мамлакат 2025-йилда 2015-йилга нисбатан шундай натижага эришган. Ўлим ҳолатларини 75 фоизга камайтириш ЖССТнинг сил касаллигига қарши кураш бўйича глобал стратегиясидаги муҳим мақсадли кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Бошқа мамлакатларда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. 2015–2025 йилларда дунё бўйича сил касаллигидан ўлим ҳолатлари 35 фоизга, касалланиш кўрсаткичи эса 14 фоизга камайган.
Шунга қарамай, касаллик аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф бўлиб қолмоқда.
2025 йилда дунё бўйича тахминан 10,6 миллион киши сил касаллигига чалинган, яна 1,13 миллион бемор ушбу касаллик оқибатида вафот этган.
ЖССТ баҳолашича, 2000 йилдан буён даволаш чоралари туфайли қарийб 86 миллион кишининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Мутахассисларни, айниқса, дори воситаларига чидамли сил касаллиги ташвишга солмоқда. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда бундай ҳолатлар улуши нисбатан юқори даражада қолмоқда.
ЖССТ мамлакатларни профилактика чораларини кучайтириш, эрта ташхис қўйиш имкониятларини кенгайтириш ва беморларни самарали даволаш имконияти билан таъминлашга чақирди.


