Солиқ қўмитаси якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига иловани автоматик шакллантириш тартибини жорий этди. Унда E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказилган ижара шартномалари ҳақидаги маълумотлар акс этади.
Гап 3-илова — «Мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдори бўйича маълумотнома-ҳисоб-китоб» ҳақида бормоқда. Ушбу илова учун 11191_1 янги пакет коди жорий этилди.
Маълумотлар тадбиркор солиқ ҳисобида турган ҳар бир туман ёки шаҳар бўйича автоматик шакллантирилади.
Шу муносабат билан 11190_12 пакетидаги 070 ва 071-қаторларни, шунингдек, 3-иловани тўлдириш талаб этилмайди.
Бундан ташқари, жисмоний шахслардан ижарага олинган ва шартномаси E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказилган мол-мулкни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 5-иловасида кўрсатиш шарт эмас.
Аввалроқ солиқ агенти сифатида фаолият юритувчи юридик шахслар учун ҳам солиқ ҳисоботларини автоматик шакллантиришнинг шундай механизми жорий этилган эди.


