Пойтахтда умумий узунлиги 17,9 км бўлган яна тўртта BRT участкаси барпо этилиши режалаштирилмоқда. Ишлар Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси, Муқимий, Қоратош-Кўкча-Дарвоза ва Паркент кўчаларини қамраб олади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков 2026 йил 29 октябрда қарор қабул қилган.
Энг узун участка Мирзо Улуғбек шоҳкўчасида ташкил этилади. Унинг узунлиги 6,3 км бўлади.
Яккасарой ва Чилонзор туманлари ҳудудидан ўтувчи Муқимий кўчасида 4,6 км алоҳида йўлак ажратилади. Шайхонтоҳур туманидаги Қоратош ва Кўкча-Дарвоза кўчаларида яна 4,2 км, Мирзо Улуғбек туманидаги Паркент кўчасида эса 2,8 км узунликдаги йўлак барпо этилади.
Ишларга буюртмачи этиб Toshkent Invest компанияси белгиланган. У лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаши ва пудратчи ташкилотларни танлаши керак.
Дастлабки босқичда Тошкентни ривожлантириш жамғармасидан 6,5 млрд сўм ажратиш режалаштирилган. Маблағлар лойиҳаларни тайёрлаш ва ишлар билан боғлиқ харажатларга йўналтирилади.
Лойиҳаларнинг асосий қисми тижорат банклари кредитлари ҳамда шаҳар йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин коммунал хизматлар муҳандислик тармоқларини тартибга келтириши керак. Зарур ҳолларда улар бошқа жойга кўчирилади. Шунингдек, транспорт ҳаракатида жиддий тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича топшириқ берилган.
Ишлар давомида айрим участкаларда автомобиллар ҳаракати вақтинча чекланиши мумкин.


