Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва ҳужжатларни сохталаштириш жиноятларини содир этганликда гумонланаётган Озарбайжон Республикаси фуқароси қидирувга берилганини маълум қилди. Гап Баку шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган Бабев Расим Каллибиёт ўғли ҳақида бормоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мазкур шахсга нисбатан 2026 йил 29 апрелда қидирув эълон қилинган. Расим Бабевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкалар тайёрлаш, сохталаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноятлар учун қонунчиликда 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Ҳозирда қидирувдаги шахснинг қаерда эканини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.


