Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат ижтимоий суғуртаси ҳамда пенсия таъминоти тўғрисидаги битимни амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳужжат икки давлат фуқароларининг ҳар икки мамлакатда орттирган меҳнат ва суғурта стажини пенсия тайинлашда ҳисобга олиш имконини беради.
Келишув 2026 йил 30 июлда имзоланган. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатни маъқуллаш тўғрисидаги хулосани тасдиқлаб, уни парламент кўриб чиқиши учун юборган.
Келишув нималарни назарда тутади?
- Ўзбекистон ва Қирғизистонда тўпланган суғурта стажи пенсия олиш ҳуқуқини белгилашда жамланади.
- Ҳар бир давлат пенсияни ўз миллий қонунчилигига мувофиқ тайинлайди ва тўлайди.
- Пенсия олувчининг қайси мамлакатда яшашидан қатъи назар, тўловлар амалга оширилади.
- Бошқа давлатга вақтинча ишлаш учун юбориладиган ходимлар учун суғурта бадалларини икки марта тўлашнинг олдини олиш механизми жорий этилади.
Келишув, биринчи навбатда, ҳар икки давлатда ишлаган фуқаролар, меҳнат мигрантлари, шунингдек, трансчегаравий фаолият юритувчи иш берувчилар ва компанияларга тааллуқли бўлади.
Ходимларга расмий ишга жойлашгани ва суғурта бадаллари тўланганини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб қўйиш тавсия этилади. Иш берувчилар ҳам ходимларни қўшни давлатга ишга юборишда келишувда назарда тутилган механизмларни ҳисобга олиши лозим.
Ҳозирча ҳужжат кучга кирмаган. Уни амалда қўллаш учун Ўзбекистон ва Қирғизистонда ратификация жараёнлари якунланиши керак.
Келишув кучга киргач, белгиланган шартларга риоя қилинган ҳолда фуқаролар ҳар икки давлатда орттирган суғурта стажини пенсия тайинлашда ҳисобга олдириш имконига эга бўлади.


